Карл Бенц – уч қиррали юлдузнинг дафна билан бирлашуви

Avto Olam > Blog > Бу қизиқ! > Карл Бенц – уч қиррали юлдузнинг дафна билан бирлашуви

 Мен тобора шунга амин бўлаяпманки, бизнинг бахтимиз ёки бахтсизлигимиз буюмларнинг табиатига эмас, уларга бўлган муносабатимизга боғлиқ.

Карл Бенц

Автомобилсозлик пойдевори бўлган рақобат

Карл Бенц ва унинг ихтироси ҳақида сўз юритишдан олдин, ўша даврнинг илк ғилдиракли автомобиль ихтироси аслида Готлиб Даймлерга тегишли эканлигини таъкидлаб ўтишимиз зарур. Аммо Даймлер 1885 йилдан бошлаб икки ва тўрт ғилдиракли араваларда,  қайиқ, темир йўл вагонларида қўллаган двигателнинг ўзини патентлаганди, холос. Бенц эса унинг двигателини такомиллаштириб, айнан илк автомобилни патентлаган.

Аксарият тарихий маълумотларда ХХ асрнинг охирида Германиянинг турли шаҳарларида ўз автомобилсозлик устахоналарини очган Даймлер ва Бенц кўп йиллар давомида бир-бирларининг мавжудлигини билмасдан параллель равишда фаолият олиб борганлари айтилади. Кейинчалик бир-бирлари ҳақида эшитгач, рақобатчига айланишади ва бу рақобат автомобилсозлик ривожига пойдевор сифатида хизмат қилган.

Аммо рақобатчилар қай тариқа бирлашиб, “Мерседес-Бенц”га асос солишди?

Волосипед устахонасида яратилган “мўжизалар”

Карл Фридрих Михаэль Бенц 1844 йилнинг 26 ноябрида Карлсруэ шаҳрида туғилган. Унинг отаси локомотив ҳайдовчиси эди. Карл Бенц ҳам Готлиб Даймлер сингари, техник лицейда, сўнгра политехника университетида таҳсил олди. Аввал машинасозлик заводида ишчи,  чизмачи ва конструктор бўлиб ишлаган Бенц 28 ёшида Август Риттер билан ҳамкорликда очган велосипед устахонасида фаолият бошлади.

Мюнхендаги немис музейидан жой олган Benz Patent-Motorwagen реконструкцияси

Кўп ўтмай, Карл Бенц устахонанинг шериклик қисмини ҳам сотиб олиб, у ерда такомиллаштирилган ички ёниш двигателларини яратиш билан шуғуллана бошлади. 1878 йилда икки зарбли бензин двигатель учун патент олди ва акселатор, ўт олдириш тизими, карбюратор, сцепление, узатмалар қутиси, сувли совутиш радиатори каби келажак автомобилларининг барча муҳим таркибий қисмлари ва тизимларини ҳам патентлади.

 1882 йилда у «Gasmotoren Fabrik Mannheim» акциядорлик жамиятини ташкил қилди, аммо 1883 йилда жамиятни тарк этиб, велосипед устахонаси негизида «Benz & Company Rheinische Gasmotoren-Fabrik»га асос солди. Ушбу компания бензинли двигателларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланар эди. Айнан шу ерда Бенц ўзининг биринчи машинасини яратди.

Бенцнинг илк автомобили – «Motorwagen»

Бенц яратган автомобиль учта металл ғилдиракдан иборат бўлиб, ихтирочи иккала олд ғилдиракни бир вақтнинг ўзида буриш масаласини еча олмаётган эди. У иккита орқа ғилдираклар ўртасида жойлашган тўрт босимли бензин двигатель ёрдамида ҳаракатга келтирилган. Айланиш занжирли узатма ёрдамида орқа ўққа узатилган. Машина свечали ўт олдириш, дифференциал, сцепление ва икки – нейтраль и олд узатмаларга эга эди. Двигатель 0,8 от кучига эга бўлиб, цилиндрдаги сувнинг буғланиши натижасида терморегуляция амалга оширилган, яъни сув ёрдамида совутилган.

1885 йилда тайёр ҳолга келтирилган ушбу автомобиль «Motorwagen» номини олди. У 1886 йилнинг январь ойида патентланиб, 1887 йилда Парижда ўтказилган кўргазмада намойиш этилган.

«Motorwagen»нинг сотуви эса 1888 йилда бошланган.

Рафиқаси келтирган омад

1888 йил 5 августида Карл Бенцнинг рафиқаси турмуш ўртоғидан берухсат амалга оширган саёҳати тарихга муҳрланди (Бу ҳақда журналимизнинг февраль сонида – бетида батафсил ўқишингиз мумкин) ва бу автомобиль сотуви ва оммалашувига ижобий таъсир кўрсатди.

1889 йилда Карл Бенцнинг Франциядаги вакили унинг автомобилларини Париждаги автомобиль кўргазмасида тақдим этди. Ўша вақтда у ерда Даймлер компаниясининг автомобиллари ҳам иштирок этаётганди. Аммо кўргазма кўзланган натижани бермади.

Бенц автомобилларининг омад чўққиси

1890 йилда қатор немис компаниялари Бенц автомобилларига қизиқиш билдира бошлашди. Шу сабабли фақат Бенц русумли автомобиль ишлаб чиқарувчи янги компанияга асос солинди. Кейинги даврда Бенц янги лойиҳалар устида иш олиб борди.

1893 йилда ҳамёнбоп «Victoria» автомобили яратилди. У икки ўриндиқли, уч от кучига эга двигатель ва тўрт ғилдиракли эди. Унинг тезлиги соатига 17-20 км бўлган. Биринчи йилдаёқ ушбу турдаги 45 та машина сотилди.

1894 йилда «Velo» автомобили ишлаб чиқарилди. У компаниянинг Париж-Руандаги автопойгаларда иштирок этган илк автомобили бўлди.

1895 йилда биринчи юк машинаси ва тарихдаги илк автобуслар яратилди.

1897 йилда Бенц 2-цилиндрли горизонтал жойлашувга эга двигателни яратди, «контра-двигатель» номи билан машҳур бўлган ушбу мотор ёрдамида тез орада «Бенц» компанияси автомобиль спортида юқори натижалар кўрсата бошлади ва харидорлар орасида шуҳрат қозонди. Бу  Карл Бенцнинг муваффақиятли даврлари эди.

1914 йилнинг 25 ноябр санасида Карлсруэ техника университети Карл Бенцга фахрий доктор унвонини берди.

Молиявий инқироз бирлаштирган икки компания

Германиядаги молиявий инқироз кўплаб соҳалар сингари автомобилсозлик саноатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Қийин иқтисодий вазиятдан омон қолиш мақсадида  1926 йилнинг 28 июнида Карл Бенцнинг «Benz & Cie.» компанияси Даймлернинг DMG компанияси билан бирлашиб, «Daimler-Benz» (ҳозирда Daimler AG) концерни яралди (Бу вақтда Готлиб Даймлер ҳаётдан кўз юмганди). Натижада барча автомобиллар DMGнинг 1902 йилда яратилган энг омадли автомобили  «Mercedes» шарафига «Mercedes-Benz» деб номлана бошлади. Янги компаниянинг логотипида уч қиррали Даймлер юлдузи Бенц логотипидаги дафна новдаси билан ўралди.

Карл Бенц 1929 йилнинг 4 апрель санасида Ладенбургда зотилжам (пневмония) оқибатида вафот этди.

Ҳозирда “Daimler AG” концерни томонидан ишлаб чиқариладиган «Mercedes-Benz» автомобиллари ўз логотипи ва кўринишини ўзгартирганига қарамай, дунё автомобилсозлигида энг харидоргир ва машҳур брендлардан бири ва Германиянинг йирик автомобиль компанияси бўлиб қолмоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan