Buy Back тизими орқали ҳар икки йилда автомобилингизни янгиланг!

Avto Olam > Blog > Автодайджест > Buy Back тизими орқали ҳар икки йилда автомобилингизни янгиланг!

Buy Back тизими орқали ҳар икки йилда автомобилингизни янгиланг!

https://avtoolam.uz/avtodaydjest/3720/

Бугунги кунда АҚШ ва Европада оммалашган Buy Back (қайта сотиб олиш) дастури Ўзбекистонда ҳам татбиқ этилганидан хабарингиз бор, албатта. Юртимизда синов тариқасида йўлга қўйилган ушбу дастур орқали маҳаллий автомобилларимизни ҳар 2 йилда алмаштириш имкониятига эга бўласиз.
Дастур ҳақида батафсилроқ маълумот бериш мақсадида мижозларда пайдо бўлаётган қатор саволларга жавоб беришга қарор қилдик.
› Buy Back тизимини юртимизда жорий этишдан мақсад нима?
Хорижда «автомобилларга обуна», «автолизинг» номлари билан оммалашган ва харидорлар учун бирмунча қулайликларга эга бўлган Buy Back дастури мижозларга ҳар 2 йилда автомобилларини янгисига алмаштириш ва бунда йирик тўловлар, ортиқча оворагарчиликлардан ҳалос бўлиш имкониятини тақдим этади.
› Дастур орқали ҳозирда қайси автомобилларни харид қилиш мумкин?
Лойиҳа 2020 йилнинг 31 август санасига қадар синов тарзида амалга оширилаётганлиги сабабли, «UzAuto Motors»нинг энг талабгир моделларидан бири – Chevrolet Tracker MT танлаб олинди. Синов мувоффақиятли якунлангач, кейинчалик ушбу дас­тур орқали Cobalt, Malibu, Trailblazer ва Gentra автомобилларини ҳам харид қилишингиз мумкин бўлади.
› Buy Back тизими орқали автомобиль харид қилиш шартлари қандай?
Ҳозирда Tracker автомобили умумий қийматининг 30 фоизини тўлаб, шартнома тузасиз ва ўша куниёқ автомобилингизни олиб кетишингиз мумкин. Қолган сумма бўйича тўловлар жадвал асосида ойма-ой амалга ошириб борилади. Икки йилдан сўнг мижоз Trackerни янги ав­томобилга алмаштириш ёки қолган тўловни амалга ошириб Trackerга эгалик ҳу­қуқини қўлга киритиш имкониятига эга бўлади.
Шундай қилиб, депозитга автомобиль қийматининг 30 фоизинигина киритиб ва икки йил давомида ўртача кунига 137 700 сўм сарфлаб, янги Tracker автомобилининг барча афзалликларидан мириқиб фойдаланиш ва аввалги моделни сотиш билан боғлиқ барча муаммоларни унутиш мумкин бўлади.
Маълумот учун: Chevrolet Tracker MT автомобилининг бугунги кундаги нархи – 189 838 121 сўм.

› Икки йилдан сўнг автомобилни янгисига алмаш­тириш шартлари қандай?
Агар машинани янгисига алмаштиришга қарор қилсангиз, янгиси билан эскисининг бошланғич тўлови (30 фоиз) орасидаги фарқ қилаётган суммани тўлайсиз ва яна жадвал асосида ойлик тўловни амалга ошириб бориш шарти билан янги автомобилни қўлга киритишингиз мумкин. Бошланғич тўловлар орасида фарқ бўлмаса, ёки фарқ сизнинг фойдангизга бўлса, шартнома бандлари ўзгаради. Дастур орқали эски автомобилни янгисига алмаштириш 30 дақиқа вақт мобайнида расмийлаштирилиши режалаштирилган.
› Дастур орқали харид қилинган автомобиль эксплуатацияси давомида харидорнинг мажбуриятлари борми?
Албатта. Автомобилни иш­лаб чиқарувчининг кўрсатмаларига мувофиқ равишда техник кўрикдан ўтказиш, ўз вақтида мой ва бошқа суюқликларини алмаштириб туриш шарт. Бундан ташқари дастур орқали харид қилинган Tracker автомобили учун Ўзбекистонда автомобиль ҳайдашнинг ўртача йиллик километр кўрсатгичи инобатга олинган ҳолда 2 йил учун 60 000 км (йилига 30 000 км)дан ортиқ ҳаракатланмаслик бўйича чеклов ўрнатилган. Кейинчалик ушбу кўрсатгич автомобиль русуми ва харидорлар таклифларига кўра ўзгартирилиши мумкин. Аммо хориж тажрибасида амал қиладиган ҳудудлар бўйича ҳаракатланиш чеклови ўрнатилмаган. Сиз автомобилингизда ҳатто қўшни давлатларга ҳам чиқиш имкониятига эгасиз.
› Buy Back дастури орқали автомобиль харид қи­­лиш мумкин бўлган ман­зил­лар ва керакли хужжат­лар рўйҳати.
Бугунги кунда ушбу дас­тур орқали автомобилларни «UzAuto Motors service & Trade-in center» ва Тошкент вилоятидаги «Nurafshon Autocentre» мультибренд автомарказига СТИР (ИНН) тўғрисида маълумотнома ва фуқаролик паспорти билан ташриф буюрган ҳолда харид қилишингиз мумкин.
Эслатма: Buy Back дастури доирасидаги Trackerнинг сўмдаги шартнома қиймати шартнома амал қиладиган бутун муддат давомида индексация қилинмайди, инфляция суръатидан қатъий назар, ўзгармас ҳолда қолади. Ойлик тўловлар ҳар янги тўлов билан камайиб боради.
Buy Back дастури ҳақида қуйидаги рақамлар орқали батафсил маълумот олишингиз мумкин:
+998 78 120-70-77
+998 78 141-77-77
+998 97 701-83-18
+998 97 701-83-17
+998 97 701-83-16

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan