Автомобилларни ижарага беришнинг фойдасидан зарари кўп(ми?)

Avto Olam > Blog > Автодайджест > Автомобилларни ижарага беришнинг фойдасидан зарари кўп(ми?)

Автомобилларни ижарага беришнинг фойдасидан зарари кўп(ми?)

https://avtoolam.uz/avtodaydjest/3769/

Сўнгги икки йил давомида республикамизда автомобилларни қисқа муддатли ижарага бериш ҳизмати авж олди, автомобилларни ижарага бериш билан шуғулланувчи 20 га яқин ташкилотлар иш бошлади. Бу албатта давлатимиз томонидан тадбиркорликнинг ушбу турига яратилаётганган кенг имкониятлар самараси. Аммо автомобилларни қисқа муддатли ижарага бериш ва олишда ечимини кутаётган муаммолар ҳали ҳам талайгина.
Бугун ички ва ташқи туризм ривожининг асосий омилларидан бири бўлган автомобиль ижара бозорини ривожлантириш, бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар борасида RentCar компанияси асосчиси Шохруҳ Абдуғаниев билан суҳбатлашамиз.
— Ассалому алайкум, Шохруҳ ака. Автомобиль ижараси билан боғлиқ мавзуни ёритишда суҳбатимиз учун айнан сизни таклиф этишимиз бежиз эмас, албатта.
Аввало, нега тадбиркорликнинг айнан ушбу турини танлаганинггиз билан қизиқсак.
— Ваалайкум, ассалом. Дастлаб транспорт соҳасида фаолият юритар эдим. Қурилиш объектларида фойдаланишлари учун хорижий компанияларга 100 дан ортиқ автомобилларни тақдим этардик. Маълум вақтдан сўнг эса аксарият хорижий компаниялари ўзлари автомобиль ҳарид қила бошлашди. Натижада автомобилларимизнинг деярли 70 фоизи кераксизга айлади. Орадан озроқ вақт ўтиб бир танишим автомобиль харид қилгунига қадар машиналаримдан бирини ижарага беришимни сўради. Шунда автомобилларни қисқа муддатли ижарага бериш хизматини ташкил этиш ҳақида ўйлаб қолдим. Шу тариқа 2009 йилдан буён фаолият юритаётган компания 2014 йилда RentCar номини олиб автомобилларни қисқа муддатга ижарага бериш билан ҳам шуғуллана бошлади.
— Айтиш мумкинки, бу со­ҳада биринчилардансиз.
— Шундай. Аммо биринчиликнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлди. Автомобиль ижара компаниясини тузиб, уни синов режимида ишлатар эканмиз, асосий муаммога дуч келдик. Фаолиятимиз қонунчиликда белгиланмаган эди. Автомобилни ижарага бериш нотариал тасдиқлатишни талаб қиларди. Қисқа муддатли ижарага беришда эса бу ҳолат панд беради. Яъни бизга мурожаат қилган мижоз 15-20 дақиқада шартномаларни расмийлаштириб ижара автомобилида ортига қайтишни кўзлайди. Нотариусдаги навбатлар, қоғозбоз­лик ишлари билан банд бўлишга вақти ҳам хоҳиши ҳам йўқ. Шунда юристлар билан биргаликда қонунчилигимизнинг соҳамизга оид қисмларини ўрганиб чиқдик ва ўз таклифларимизни Олий Мажлис палатасига тақдим этдик. Лекин бу муаммо анча йилларгача ўз ечимини топмади. Ниҳоят 2018 йилда Олий Мажлисга, яъни автомобиль ижарасига оид ўзгаришлар бўйича муҳокамага таклиф этилдим. 2018 йилнинг 26 июль куни Президент томонидан «Иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун имзоланди. Ушбу Қонунга кўра, автомототранспорт во­ситаларини ўттиз кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномаларини нотариал тасдиқлаш шарт эмаслиги белгиланди. Яъни ижара компаниялари енгил автомобилларни ўттиз кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномаларини оддий ёзма шаклда тузишлари мумкин бўлди.

— Демак, cоҳадаги асосий муаммо барҳам топибди. Лекин юртимизда қисқа муддатли автомобиль ижараси хориждагидек оммалашмаётганининг сабаблари нимада?
— Биласизми, автомобиль ижарасининг ривожи ички ва ташқи туризм оқимига боғлиқ. Ҳорижда ҳам қисқа муддатли ижарадан фойдаланувчиларнинг асосий қисмини сайёҳлар ташкил этади. Бизда ҳам мижозларимизнинг қарийб 70 фоизи чет эллик сайёҳлар ва юртимизга бирор юмуш билан узоқ бўлмаган вақтга келган хорижликлардан иборат.
Яна умид қиламизки, яқин келажакда юртимизда туризм инфратузилмаси ҳам такомиллаштирилади, ҳар қадамда Pit Stop қаҳвахоналари ташкил этилади. Шунда узоқ йўлга отланган сайёҳлар ушбу қаҳвахоналарда тўхтаб, автомобилларини таъмирлатишлари, ором олишлари мумкин бўлади. Бу юртимиздаги автомобиль ижараси ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, албатта.
Автомобиль ижараси билан шуғулланувчи компанияларини қийнаб келаётган яна баъзи муаммоларга ҳам тўхталиб ўтсам. Ҳорижий автомобиль ижара компаниялари мисолида олсам, уларда автомобилни ижарага беришда мижознинг электрон картаси ёки ҳисоб рақамидаги маълум миқдордаги суммани кафолат депозити сифатида 14 кундан 40 кунгача бўлган муддатга «музлатиб қўйиш»мумкин. Афсуски, бизда бунинг имкони йўқ. Натижада кечикиб келган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни ундиришда мижознинг инсофига таянишдан бошқа иложимиз қолмайди. Тўғри, жаримани мижоздан қонуний йўл билан ундиришнинг имкони бор. Аммо ушбу жараён амалда жуда мураккаб.
Яна автосуғурта бўйича ҳам муаммолар йўқ эмас.
— Билишимизча хорижда ижарага автомобиль олишда суғурталаш мижоз томонидан амалга оширилади…
— Тўғри хорижда автомобилни ижарага олишда мижоз 3 турдаги суғурта шартномасини имзолайди. Аммо бизда суғурта ишлари мижознинг вақтини олмаслиги ва ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўлмаслиги учун автомобилларни ўзимиз суғурта қилдирамиз. Аммо суғурта бадалини ундириш деярли 2 йилга чўзилган вазиятлар ҳам бўлади. Бу ҳолат суғурта компанияси билан боғлиқ эмас, аслида. Асосан йўл транспорт ҳодисаси содир бўлгандан кейинги жараёнлар узоқ вақтга чўзилади. Йўл транспорт ҳодисаси натижасида автомобилга етказилган зарарни баҳолаш масалаларини ҳам қайта кўриб чиқиш керак, назаримда. Чунки аксарият ҳолларда етказилган зарар учун белгиланган сумма амалда зарарни қоплашга етмайди.
— Автомобиль ижарага олишда мижозлар масофа ва ҳудуд бўйича чекловлардан ҳам қачонлардир ҳалос бўлишадими?
— Албатта. Юқорида таъкидлаганимдек юртимизда туризм ривожланиб, сайёҳ­лар оқими ортиб борар экан, биз ҳам ўз соҳамизда қатор қулайликлар яратишга киришамиз.
Тўғри, ҳозирда автомобилларимизда фақат Ўзбекис­тон бўйлаб ҳаракатланиш мум­­кин ва кунлик километр бўйича чекловлар мавжуд. Қачонки бутун республикамизда автомобиль йўллари текис, равон бўлса, километр бўйича чекловларни олиб ташлашимиз мумкин. Чунки нотекис йўллар автомобилга сезиларли зарар етказганлиги сабабли масофага чеклов ўрнатилади. Яна келажакда автомобиль ижара хизматига талаб ортса, ижара компаниялари бутун республика бўйлаб, балки қўшни давлатларда ҳам ўз филиалларини очадилар. Бунда мижозлар автомобилни бир манзилдан олиб иккинчисига топшириш имкониятига эга бў­ладилар.
— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Ўйлаймизки, ушбу соҳа сиз каби жонкуяр ва ташаббускор раҳбарлар сабабли янада ривожланади ва мавжуд камчиликлар яқин кунларда бартараф этилади!

Маълумот учун: Автомобиллар ижараси муайян муддатга (бир неча соатдан бир неча ойгача) ҳайдовчисиз автомобилни беришни кўзда тутади. Ижарани расмийлаштириш учун паспортдан ташқари халқаро намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам керак бўлади.
Мазкур хизмат туридан ҳам Ўзбекистон фуқаролари, ҳам чет элликлар фойдаланишлари мумкин.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan