БОДИКАМЕРАЛАР ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

Avto Olam > Blog > Биласизми? > БОДИКАМЕРАЛАР ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

УЛАРНИ КИМ БОШҚАРАДИ?

2020 йилнинг 1 январь кунидан Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг барча ЙПХ ходимлари хизматни мобиль камерадан фойдаланган ҳолда ўташни бошладилар. Эндиликда ЙПХ ходимининг мобиль камерасиз хизмат ўташига йўл қўйилмайди 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 1 декабрь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 975-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби белгилаб берилди.

ЖАМИ 6193 ТА БОДИКАМЕРА ХАРИД ҚИЛИНДИ

Хитойнинг «Хайтера» компанияси томонидан ишлаб чиқилган бодикамераларнинг жами 50 таси: 32 таси ЙПХ ходимлари, 18 таси ППХ ходимлари томонидан ўтган йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилганди. Республика бўйича сервер мосламаларини жойлаштириш учун 65 та, бодикамераларни жойлаштириш учун 192 та жой тайёрланди. «Хайтера» компаниясидан жами 6193 та бодикамера харид қилинди. Бу қурилмаларга тегишли дастурлар ўрнатилиб, сим карталар билан таъминланди ва ҳимояланган VPN-каналлари орқали алоқа йўлга қўйилди. Тармоқни ташкил этиш мақсадида «Ўзбектелеком» АЖнинг уяли алоқа тизими (2G/3G) дан фойдаланилади. Биргина Тошкент шаҳрига 2876 та бодикамера ажратилди.

БОДИКАМЕРАНИ ЙПХ ХОДИМИ БОШҚАРМАЙДИ

Бодикамерани ЙПХ ходими бошқармайди ва уни ўчириш имконига эга эмас. Барчаси марказий сервер орқали назорат қилинади. Бир марта қувват олганда, 8 соат узлуксиз ишлайди. Қувват тугаганда, автоматик қувватлагичга уланган ҳолда доимий фаолиятини олиб бориши мумкин. Бодикамера 25-30 метргача масофадаги объектни тасвирга ола олади ва маълумотлар бир ойгача сақланади.

Яна таъкидлашича, инсон омили йўлдаги қонунбузилиш ҳолатларининг атиги 20 фоизини, бодикамералар эса 100 фоиз аниқлай олади. Демак, қонунбузилиш ҳолатларини тўлиқ фиксация қилинади ва бартараф этилади.

ҲАЙДОВЧИ ВА ХОДИМ ЎРТАСИДАГИ БАХСЛАРГА ЧЕК ҚЎЙИЛАДИ

Мобиль видеокамерадан (бодикамера) фойдаланган ҳолда хизмат олиб бориш, ходимнинг олдига қўйилган вазифаларни бажаришда шаффофликни таъминлайди ҳамда ҳайдовчи ва ходим ўртасидаги турли хилдаги баҳсли ҳолатлар барҳам топади.

Жумладан, 

  • ҳайдовчи ва ходимнинг ноқонуний мулоқотга кириши ҳамда коррупцион ҳолатларининг олди олинади;
  • ходимлар томонидан ҳаракат иштирокчиларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари содир этилишининг олдини олиш имконини яратади;
  • шунингдек, ҳаракат иштирокчилари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилса ёки ходимга нисбатан тажовузкорлик қилинганда ва ҳақоратли сўзлар ишлатилганда, уларнинг айбини исботлаш учун бодикамерага олинган видео ёзувдан фойдаланилади; 
  • жамоат жойларидаги вазиятни, фуқароларнинг ҳаракатлари ва улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади;
  • ходимнинг хизмат фаолиятини реал-вақт(онлайн) режимида назорат қилиш имконини беради. 

ҲАЙДОВЧИ БОДИКАМЕРАСИЗ ЙПХ ХОДИМИГА ҲУЖЖАТ КЎРСАТМАСЛИК ҲУҚУҚИГА ЭГА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низомнинг 18-бандига  асосан йўл ҳаракати қатнашчилари хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эгалар.

Ўз навбатида, ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видеоёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришга мажбур.

ЭСЛАТМА:

  • мобиль камерадан ЙПХ ходимнинг йўл ҳаракати қатнашчиси билан мулоқотини тасвирга олиш учун фойдаланилади; 
  • ЙПХ ходими ҳайдовчига, унинг содир этган қоидабузарлигининг видеотасвирини кўрсатиб беришга мажбур эмас.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan