Энг йирик автоҳалокатлар

Avto Olam > Blog > Биласизми? > Энг йирик автоҳалокатлар

Энг йирик автоҳалокатлар

https://avtoolam.uz/bilasizmi/3191/

Ўтган йилларнинг дунё тарихида оламшумул ютуқларга эришиш билан бирга мислсиз талофатларга ҳам бой бўлгани ҳеч биримизга сир эмас. Бугун эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлган йирик автоҳалокатлар тафсилотлари балки кимларгадир сабоқ бўлар, балки кимларнидир «кейинги пушаймонликдан» асрар…

2005 йил 17 мартда рекорд даражадаги йўл-транспорт ҳодисасида 400 га яқин автомобиль «қатнашган». Фожиа Хельсинки чеккасида содир бўлган. Бундай катта талофатни мураккаблик билан бартараф қилишган. Бу офатда 60 киши жароҳатланиб, уч киши қурбон бўлган.
Чехияда 2008 йил 11 мартда содир бўлган автоҳалокатда 231 та машина тўқнашиб кетган бўлишига қарамас­дан, нисбатан кам – уч киши жиддий жароҳатланган.
2008 йил 11 март куни Бирлашган Араб Амирлигида мамлакат тарихидаги энг йирик автоҳалокат рўй берган. Унда 60 та енгил машина ва юк ташувчи улов ҳамда автобус ўзаро тўқнашиб кетган. Оқибатда 227 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган ва бир қанча ки­ши ҳалок бўлган. Автоҳалокатда йигирма­га яқин машина ёниб кетганлиги сабабли жароҳатланганлар ҳам кўпчиликни ташкил этган.
Ёмғир ҳам қордан қолишмаган ҳол­да, йирик автоҳалокатларни келтириб чиқарар экан. Бунга мисол, Қуйи Саксониядаги бир трассада 2009 йил 20 июль куни юз берган ҳалокатни кел­тириш мумкин. Унда 259 та автомобиль тўқнашиб кетади. Биринчи тўқнашувдан сўнггисига қадар орадан икки соат ўтган. Ёмғир шаррос қуяётгани боис, ҳайдовчилар ўз машиналарини бошқара олмай қолишган. Тўқнашган «темир илонлар» узунлиги нақ 30 километрга чўзилган. Ҳалокат 1,5 миллион евролик зарар келтирган ва унда 66 киши жароҳатланган.
Йирик автоҳалокатларнинг аксарият қисми қишнинг қорли кунларига тўғри келади. 2011 йил 1 декабр­да АҚШнинг Тенниси штатида содир бўлган автоҳалокат вақтида ҳам оппоқина қор ёғаётган эди. Унда 176 та машина урилган ва 18 нафар киши жароҳат олган.


2011 йил 15 сентябрдаги автоҳа­локат ҳам қишда Бразилиянинг сер­қуёш Сан-Пауло шаҳрида содир бўл­ган. Қуюқ туман сабабли 300 та ма­шина бир-бирига урилиб, узундан- узун автоҳалокат занжирини ҳосил қил­­ган. Унда 49 киши жабрланиб, бир киши ҳалокат қурбони бўлган.


2012 йил 22 ноябрда, содир бўлган автоҳалокат кўпчиликнинг ёди­да бир умрга сақланиб қолгани аниқ. Техаснинг энг йирик трассасидаги автоҳалокатда 140 та машина тўқнашиб кетган. Қалин туман туфайли содир бўлган ҳалокатда жароҳатланганларга ёрдам бериш ҳам анча қийин кечган. Ўт ўчирувчилар жамоаси одамларни машинадан чиқариб олиш учун темирни кесувчи аппаратлардан ҳам фойдаланишга мажбур бўлганлар. 90 нафарга яқин жабрдийдалар касал­хонага етказилган ва икки киши ёр­дам кўрсатилишига қарамай ҳалок бўл­ган.


Воқеа 2013 йилнинг 26 март кунида Австрияда содир бўлган. Ер яхла­­ганлиги сабабли 100 та машина тўқ­нашиб кетади ва оқибатда бир киши ҳалок бўлиб, 10 нафар киши жароҳат олган. Талофатни бартараф этгани ўн дона «Тез ёрдам» машиналари ва ўнта вертолёт ҳамда олтита ўт ўчирувчи машиналар овора бўлган. Ҳалокат содир бўлган йирик трасса эса бир неча соатлаб тўсиб қўйилган.
2013 йилнинг илк кунида АҚШнинг Детройт штатида кучли қор ёғиб, шамол эсарди. Шунга қарамай, ман­зилга отланган 30 та улов табиат ол­ди­да ожиз қолиб, тўқнашиб кетган. Натижада йигирма киши жароҳатланган, уларни қутқаришда 22 нафар тез ёрдам ходимлари қатнашган. Бахтсиз ҳодиса сабабчилари бўлган «автомобиллар» ярим километрлик йўлни тўсиб қўйганлар.
Афғонистоннинг Ғазни вилояти­да икки автобус ва битта бензин та­шув­чи автомобилнинг тўқнашиб ке­­ти­­­ши оқибатида 52 киши ҳалок бўл­ди. Яна 73 киши жароҳат олгани маъ­лум қилинган. Фожиа 2016 йил 8 май куни эрталаб Кобулни Қандаҳор билан боғ­лайдиган автойўлда содир бўл­ган.
2016 йилнинг апрель ойида Тай­ландда маҳаллий Янги йилнинг кириб келиши билан боғлиқ Сонгкран сув фестивали нишонланган бир ҳафта мобайнида инсонларнинг ўлими­­га олиб келган йўл-транспорт ҳодиса­лари кўплаб кузатилди. Байрам му­но­сабати билан умуммиллий таътил 13–17-апрель кунларига белгиланган эди. Аммо аксарият инсонлар байрамни 11 апрелдан нишонлай бошлади. Етти кун ичида йўлларда 3 447 авария рўй бериб, уларда 442 киши ҳалок бўлди, 3 656 киши жароҳат олди.

Бундай мудҳиш йўл-трансорт ҳодисаларининг нафақат чет давлатларда, балки Республикамизда ҳам содир бўлаётгани ачинарли ҳол, албатта.

2019 йилнинг январь-август ойлари давомида (8 ойда) Тошкент шаҳ­ри­да жами 556 (2018 йилнинг шу даврида 792) та йўл-транспорт ҳоди­саси қайд этилган. Унда ҳалок бўл­ган­лар сони 74 (2018 йилнинг шу даври­да 107) нафарни ташкил қилади, турли тан жароҳати олганлар 808 (2018 йил­нинг шу даврида 956) нафар­дан иборат бўлган.

Ҳайдовчимисиз ёки йўловчи, ё пиё­да, йўлларда ҳушёр бўлинг!
Ўзингизни ва ўзгаларнинг ҳаётини хавф остида қолдирманг!

Интернет маълумотлари асосида Сарвар Сафаров тайёрлади

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan