«Газ»да юрган автомашиналар бир марта «заправка»да қанча масофа босади?

Avto Olam > Blog > Биласизми? > «Газ»да юрган автомашиналар бир марта «заправка»да қанча масофа босади?

«Газ»да юрган автомашиналар бир марта «заправка»да қанча масофа босади?

https://avtoolam.uz/bilasizmi/3604/

Автотранспорт воситалари сонининг кўпайиши ёқилғи-энергетика ресурс­ларига бўлган талабнинг кескин суръатда ошишига олиб келди. Ҳукуматимиз томонидан аҳолининг ёқилғи ва мойлаш материалларига бўлган талабини қондириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, автотранспорт воситаларини муқобил ёқилғи турида, яъни суюлтирилган ва сиқилган табиий газда ишлашга ўтказиш борасида ҳам ибратли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

АФЗАЛЛИГИ

Автобензин ва дизель ёнилғисига нисбатан сиқилган метан газининг қандай афзалликлари бор? Шу ҳақда маълумот берсангиз.
С. Норматов, Шаҳрисабз

• Автобензин ва дизель ёнилғисига нисбатан 1,5-2,0 баробар арзонлиги;
• Атроф-муҳитни ифлослантириш миқ­дори нефть маҳсулотларига нисбатан 2,5 баробардан ортиқ камлиги;
• Ҳар қандай карбюраторли ички ёнув двигателларини сиқилган газда ишлашга мослаштириш имкониятининг мавжудлиги;
• Двигателларга ишлатиладиган мойлардан автобензинга нисбатан узоқ муддатларда фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги;
• Қўшимча ёқилғи тизими (автобензин, метан) яъни, автомобиль автобензин ва сиқилган газда ҳаракатланиши имкониятининг мавжудлиги.

БИР МАРТА «ЗАПРАВКА»ДА 250 КМ МАСОФА

Сиқилган метан газининг қандай камчиликлари бор? Шунингдек, енгил автомашиналарда бир маротаба тўлдирилган газ баллон билан қанча масофани босиб ўтиш имконияти мавжуд?
Н. Султонов, Наманган

Ёқилғи заҳирасининг чегараланганлиги. Жумладан, енгил автомашиналарда бир маротаба тўлдирилган газ баллони сиғимига қараб, 100-250 км масофа босиш имконияти мавжуд.

ГАЗ БАЛЛОН ТУРЛАРИ ҲАҚИДА

Бугунги кунда юртимизда газ баллон­ларининг қандай турларидан фой­дала­нилмоқда?
Ш. Парпиев, Тошкент

Газ баллонлари тайёрланган материалига кўра, металли, металл-композитли ва полимер-композитли турларга бўлинади. Суюлтирилган газ босими 10-15 атмосфера бўлганлиги учун девор қалинлиги 3-4 мм, сиқилган табиий газ босими 200-250 атмосфера бўлганлиги сабабли девор қалинлиги 5,9-8,7 мм бўлган металл газ баллонларидан фойдаланилади.
Газ баллонлари шаклига қараб цилиндрсимон ва ялпоқсимон ҳолда бўлиб, ялпоқсимон газ баллонлари ҳажми 40 литргача бўлади.
Ҳозирги кунда республикамизда енгил автомобилларда ҳажми 50, 65, 70, 80, 90,100 литргача бўлган, автобус ва юк автомобилларида ҳажми 115, 130 ва 250 литр бўлган газ баллонларидан фойдаланилмоқда.

КАМЧИЛИКЛАРИ ҲАМ БОР…

• Ҳаво ҳарорати 0оСдан паст бўлган ҳолда двигателни ўт олдиришни нис­батан қийинлашуви ва бундай ҳавода двигателни бензин ёрдамида ўт олдириш тавсия қилинади:
• Газ сақлаш баллонларининг ҳажми катталиги ва жойлаштиришнинг ноқулайлиги.

ДИҚҚАТ! РЕГЛАМЕНТГА РИОЯ ҚИЛИНГ!

Шуни қайд этиш лозимки, газ баллонларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун ҳар бир автомобиль ҳайдовчиси уларнинг яроқлилигини белгиланган муддатларда кўрикдан ўтказиб турилишини таъминлаши ва ҳолатини кунлик назоратдан ўтказиб туриши, газ баллонларини тўлдириш жараёнида белгиланган регламентга қатъий риоя қилиши талаб этилади.

ГАЗ БЕНЗИНДАН ТОЗА-МИ?!

Ҳаммамизга маълумки, автомобиллар бир дақиқада атмосферага тонналаб заҳарли моддалар чиқаради. Шаҳарларда ҳавони ифлослантирувчи газларнинг энг кўпи ҳам автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Автотранс­портларда газдан муқобил ёнилғи сифатида фойдаланиш экологияни ҳам яхшилашга хизмат қилар экан. Чунки каталитик заҳар ҳисобланган моддалар газ ёнилғиси таркибида деярли, йўқ.
Шунингдек, энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда нефть захираларини келажак авлодлар учун сақлашда ҳам газдан фойдаланиш яхши самара беради. Автомашиналарни газ ёқилғисига ўтказиш орқали ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини тўрт баробарга камайтириш, бензинни 70 фоизгача тежаш мумкин.

ХОРИЖ ТАЖРИБАСИДАН

Америкада газ ёқилғиси билан иш­лайдиган 2 400 дона автомобилдан 10 йил мобайнида мунтазам фойдаланилган. Улар жами 280 млн. км йўл босган. Шу вақт давомида 1 360 та тўқнашув юз берган. Булардан 180 та ҳолатда автомобилнинг газ баллони жойлашган қисми шикастланган. Лекин бирор бир ҳолатда баллон шикаст­ланмаган. Худди шундай бешта ҳолатда эса бензинли автомобилларнинг аланга олиши кузатилган.

БАЛЛОНДАН ҚАНЧА ВАҚТ ФОЙДАЛАНИШ МУМКИН?

Ўзбекистон Давлат стандартларига кўра, газ баллонлари металлокомпозит, яъни 100 литрлик капрон баллонлардан 10 йил, углеродли пўлатдан тайёрланган баллонлардан 15 йил ва пўлатдан тайёрланган баллонлардан 20 йилгача фойдаланиш мумкин. Айрим ҳайдовчилар эса машиналарига ўрнатилган газ мосламаларини ўзбошимчалик билан, баъзида эса гугурт ёрдамида текширадилар. Бундай ҳаракатлар хавфли. Йилига икки маротаба махсус устахоналарда машинангиз ҳолатини текшириб турсангиз фойдадан холи бўлмайди.

Табиий газ – ёқилғи сифатида арзон, экологик тоза маҳсулот

Бироқ одамлар орасида машиналарнинг газда юриши хавфли, у портлаб кетиши мумкин, деган гаплар ҳам юради. Яна бундай машиналарда юриш саломатлик учун зарарли, деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас.
Хўш, аслида ҳам шундайми? Енгил машиналарни сиқилган газга ўтказишнинг қандай фойдали ва зарарли жиҳатлари бор?
Автомобилларни экологик тоза ёнил­ғи билан ишлайдиган замонавий тех­нологиялар асосида қайта жиҳоз­лаш юртимизда автомобилсозлик са­­ноати­ни ривожлантириш билан бир­галикда атроф-муҳитни зарарли чи­­қин­­дилардан ҳимоялашга хизмат қи­лади.

ХАВФЛИ ЭМАС!

Агар автотранспорт воситаларига газ баллонлар давлат стандарти талаб­лари даражасида ўрнатилган бўлса, ҳеч қандай хавфи йўқ. Барча миш-миш­лар мутлақо асос­сиз – бундай автомобилларда юришнинг зарари йўқ. Бунинг салбий таъсири илмий исботини топмаган, бизнинг тажрибамизда ҳам кузатилмаган.

ГАЗ БАЛЛОНЛАР НЕГА ПОРТЛАЙДИ?

Баъзи юртдошларимиз автомобилига газ баллон ускунасини ўрнатишда сифатсиз газ баллонларни бозорлардан харид қилиб, тегишли лицензияга эга бўлмаган, демакки, малакаси етарли бўлмаган шахсларнинг хизматларидан фойдаланишмоқда. Oқибатда турли кўнгилсизликлар учраб турибди.
Ҳар бир ишнинг ўз қонун-қоидаси бўлади, автомобилга газ баллон ускунасини ўрнатишнинг ҳам ўзига хос давлат стандартлари асосидаги талаблари мавжуд. Шунинг учун фақат махсус лицензияга эга бўлган устахоналар хизматидан фойдаланиш лозим. Газ баллон ўрнатиш учун мурожаат қилганда, газ баллонлари учун тегиш­ли сертификат ва кафолат ҳужжати билан танишиб чиқиш, баллоннинг сифатли эканига ишонч ҳосил қилиш лозим. Бунга барчанинг ҳаққи бор.

БАЛЛОН ҚАНЧА ВАҚТДА КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛАДИ?

Давлат стандартига асосан, газ-баллон уч йилда бир маротаба кўрикдан ўтказилиши шарт. Аммо ҳар эҳтимолга қарши, бир йилда бир марта газ баллон ўрнатилган жойдан ёки лицензияга эга бўлган газга мослашган автомобилларга хизмат кўрсатувчи бошқа устахоналарда кўрикдан ўтказиш мумкин.

Қўшимча мосламалар

Автомобилларга газ баллон ускуналари ўрнатишда 2012 йилдан янги стандартлар ишлаб чиқилган. Ҳозир газ баллон билан биргаликда унинг хавфсизлигини таъминловчи бир неча қўшимча мосламалар, масалан, замонавий жўмраклар ҳам ўрнатилаяпти. Одатда газ баллоннинг сиғими учун 200 баррел стандарт қилиб белгиланган. Агар ундан ортса, баллон деворларига шикаст ета бошлайди ва тезда яроқсиз ҳолга келади. Ушбу жўмрак эса ортиқча сиғимдаги газнинг сизиб чиқиб кетишига шароит яратади.
Унинг яна бир вазифаси бор. Маълумки, газ баллондан кузовнинг таг қисмидан ўтган махсус ингичка қувурлар орқали машина моторига газ етказилади. Ушбу қувурларда тешикчалар пайдо бўлиши ёки бирор нарсага урилиш оқибатида шикаст етиб, газ чиқиши кузатилиши мумкин. Шундай вазиятда замонавий жўмрак, одатий сиғимда узатилаётган газ миқдори ўзгарса, газ узатишни тўхтатиб қўяди ва газ оқиб чиқиши ва бошқа хавфларнинг олдини олади.

ОД огоҳлантиради:

√ Баллонда газ босими 200 баррелдан юқори бўлмаслиги керак;
√ Машинангизнинг бирор жойида газ ҳиди сезилса, зудлик билан хизмат кўр­сатиш устахонаси кўригига бориш лозим;
√ Газ билан юрадиган енгил автомобилларда 1 килограммлик қумли ўт ўчиргич бўлиши лозим. Юк машиналарида эса 2 килограммлик ўт ўчиргич талаб этилади;
√ Агар узоқ сафарга кетаётган бўлсангиз, машинангиз уйда қолса, баллондаги газни чиқариб юбориш тавсия этилади.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan