Германияда қоидабузарларни қай тариқа енгишди?

Avto Olam > Blog > Биласизми? > Германияда қоидабузарларни қай тариқа енгишди?

Германияда қоидабузарларни қай тариқа енгишди?

https://avtoolam.uz/bilasizmi/3668/

Германияда ҳайдовчилар Идиотен (idioten-тентак)-тестга юборилишдан жуда қўрқишади. Тасаввур қилинг, Германия фуқаросисиз. Уйингизда хотиржам ҳордиқ чиқараётган бир пайтингизда автомобилингиз фотосурати илова қилинган билдиришнома келди. 70 км тезликда ҳаракатланганингиз учун яхшигина жаримага «аъзо бўласиз». Ҳа айтганча, шаҳарда рухсат этилган тезлик 50 км/соат.
Майли асабийлашиб бўлсада жаримани тўладингиз, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яна бир қоидабузарлик учун жарима хати… Лекин учинчи қоидабузарлик содир этилганда жарима хати келмайди. Аниқроғи хат келади, лекин жарима тўлаш учун эмас, 3 ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилганингиз ҳақида билдиришнома оласиз. Яна унда, агар гувоҳномасиз автомобиль бошқариб қўлга тушсангиз, ҳибсга олинишингиз ҳақида огоҳлантиришни ҳам унутишмайди. Энди ҳайдовчилик гувоҳномасини 3 ойдан сўнг Идиотен-тестдан ўтибгина қайтариб олишингиз мумкин.
Гап шундаки, Германия ҳукумати фикрига кў­ра, агар сиз биринчи ва ик­кин­чи марта қоидабу­зар­­лик содир этиб, жари­ма тўлагач ҳам йўлларда қоида­бузарликни давом эт­тирсангиз, демак (юмшоқроқ айтадиган бўлсак) ақлингиз жойида бўлмаслиги мумкин ва шу сабабли руҳшунос қабулига муҳтожсиз.
Ушбу тестдан тайёргар­ликсиз ўтиш деярли имконсиз. Шу сабабли 40 га яқин машғулотларга қат­нашга тўғри келади. Маш­ғулотларда сизга руҳ­шу­нослар автомобилни тўғри бошқариш, ҳайдовчи ўзини йўлларда ва рулда қандай тутиши кераклиги ҳақида бир соатлик маъруза ўқийди. Ҳар бир маш­ғулот эса тахминан 100 евро туради. Бу 40 та машғулот сизга жами 4 000 еврога тушади, дегани.
Ҳар бир машғулотдан ўтганингиз ҳақида муҳр босилиши керак. 40 та муҳр босилган қоғоз билангина Идиотен-тестга киришга рухсат беришади. Лекин тестдан ўтишингизни кафолатламайди.
Тест ҳақида батафсил­роқ тасаввурга эга бўлишингиз учун улардан бир нечтасини мисол келтирамиз.
«Тасаввур қилинг, сиз кўчада маст ҳолда туриб­сиз. Ёнингиздаги ҳомиладор аёлнинг дарди бошланди. Агар унга ёрдам бер­масангиз, ҳа­лок бўли­ши мумкин. Нима қиласиз?»
Бундай саволга аксарият ҳолларда қуйидагича жавоб берасиз:
«Албатта, автомобиль рулига ўтириб, аёлни касалхонага элтаман».
«Тез ёрдам чақираман ёки такси тўхтатаман».
Демак, тестдан ўта олмадингиз.
Чунки тўғри жавоб:
«Ҳурматли руҳшунос, мен кўчада маст ҳолатда турганимни ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман. Чунки мен умуман ичмайман».
Яна бир мисол, Янги йил арчаси суратини чи­­зи­­шингизни сўрашади ва қўлингизга қизил ранг қалам тутқазишади. Жон-жаҳ­дингиз билан арча расмини чизганин­гиз­дан сўнг, Сизга арчалар қизил рангда бўлмас­лигини айтишади. Тест­­дан яна ўтолмадингиз.
«Автомобилингизда дўстингизникига меҳмонга бордингиз ва улар сизга спиртли ичимлик таклиф қилишди. Қандай йўл тутасиз?»
Бу саволга жавоблар варианти аниқдек кў­ринади: «Рад этаман», «Ичаман ва уйга таксида қайтаман», «Ичаман ва уларникида тунаб қоламан». Лекин энг тўғри жавоб: «Мен рулдаги одамга спиртли ичимлик таклиф қиладиган дўстларимникига меҳмонга бормайман».
Тестдан ўтолмаганлар фа­қат бир йилдан сўнггина яна ўз омадларини синаб кўриш­лари мумкин.
Ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилиб, яна ўртача ойлик маоши 1 500 еврони ташкил қилган ишда ишласангиз, шунингдек, Германия­да руҳшунос машғулотлари учун 4 000 евро тўласангиз ва ҳар куни бир соат вақтингизни зерикарли маърузаларга ажратсангиз, келгусида йўл қоидаларини бузмаслигингиз аниқ!
Шу сабабли ҳам Германия йўллари хавфсиз, қоидабузарлар деярли йўқ!
Германияга кўчиб бор­ган ва у ернинг бу ка­би нозик масалаларидан бе­хабар оила ҳикоясини тинг­лаб кўринг.

… 2006 йилда турмуш ўртоғим ҳайдовчилик ҳу­қуқидан маҳрум бўлди. Чунки у маст ҳолда автомобиль бош­қариб, дарахтга урилганди. Ёнида бирга ишлайди­ган ҳамкасби ҳам бўлган. Шукурки, иккиси ҳам жиддий жароҳат олмаган. Алкотестер эса 1,9ни кўрсатди ва бу кўрсаткич Идиотен-тестга юбориш учун етарли асос эди.
Бир ҳафтада сўнг уйимиз­га ҳайдовчилик гу­воҳ­но­масидан 1 йилга маҳрум этил­ганлик ва уни қайтариб олиш учун Идиотен-тестдан ўтиш кераклиги ҳақида хабарнома келди. Адвокатимиз ушбу муддат­ни 4 ой­га қисқартиришга эришди. Ке­йин эса 1 800 евро жарима хати келди. Жарима миқдори ҳайдовчининг ойлик маоши ва маст ҳолда содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳолатига боғлиқ. Масалан, турмуш ўртоғим машинада бир ўзи бўлганда, камроқ жарима ёзиларди. Бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйгани учун эса яхшигина суммага «тушдик». Кейин эса зарар етказилган дарахт учун жарима – 1 200 евро ҳисоб келди. Таъмирлаш учун яроқсиз ҳолга келган автомобиль эса 6000 евро турарди. Ундан ташқари, эвакуация ва жарима майдончаси учун 500 еврога яқин тўлов қилдик.
Шундан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун ҳайдовчилар тайёрлаш билан шуғулланадиган ташкилотга мурожаат қилдик. У ерда бизга машғулотларга қатнашни маслаҳат беришди. Аммо машғулотларсиз ҳам тест топшириш мумкинлигини билгач, дарров тестга ёзилдик ва 400 евро тўлаб тест кунини белгилади. Табиийки, турмуш ўртоғим тестдан ўтолмади. Чунки, машғулотларга қатнашмаганларни аяб ўтиришмас экан. Демак 400 евро шунчаки ҳавога совурилди.
Яна у ерда ижобий натижага эришиш учун 9 ой давомида спиртли ичимлик ичмаганлигингизни исботлашингиз кераклигини билдик. Демак, 9 ой давомида ҳар ой 14 евро тўлаб қон топширишга ҳам тўғри келади.
Турмуш ўртоғим соатига 90 евро тўлаб ҳафтасига 1 соат машғулотга қатнай бошлади. Жами 25 соат машғулот белгиланиб, харажатимиз 2250 еврога тушди.
Машғулотларнинг барчасига қатнашиб ва 9 ой­лик қон таҳлилларини йиғиб яна қайта тест топ­шириш учун 400 евро тўла­дик. Барча таҳлиллар ва машғулотлар натижасини батафсил текшириб чиққан эксперт ҳайриятки, кўп қийнамади. Йўл-транспорт ҳодисаси қай тариқа содир этилганлигини сў­раб, асосий саволни берди: «Яна спиртли ичимлик ичасизми?» Табиийки турмуш ўртоғим «Ҳаётда бошқа ичмайман!» деб жавоб берди ва ҳақиқатдан ҳам шундай эди


Хуллас, маст ҳолда автомобиль бошқариш бу оилага 12 676 еврога туш­ди. Яна кетган асаб­лар, деярли бир йил даво­мида автомобиль бош­қара олмаслик сабабли пайдо бўл­ган ноқулайликлар ҳам бор. Асосийси, ҳайдов­чи­лик гувоҳномасини қай­та­риб олинди, энди бош­қаришга машина йўқ…
Шахсан ўз хулосаларимга келсак, Германияда йўллардаги қоидабузар ҳайдовчиларга қарши курашишнинг энг самарали усули қўлланган. Яна жарима ва турли тўловларнинг фуқаронинг иш ҳақи ва вазиятга боғлиқлиги ҳам таҳсинга сазовор. Чунки ўша 1 800 евро ким учундир «ақли кириши»га сабаб бўлган ва бир ойлик иш ҳақига тенг ҳаражат бўлса, ким учундир эътиборга арзимас сумма бўлиши мумкин. Яна уларда табиатга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши-чи? Дарахтга зарар келтиришдан ол­­дин, унинг жаримаси 1 200 евро эканлиги дарҳол хаё­лингизга келади. Энг асо­­сийси эса коррупция йўқ­лиги! Чунки анча-мунча қоидабузарликлардан «жойида ҳал қилиш» ёки «акажонларга қўнғироқ қилиш» орқали қутулиб қолиш имконсиз.
Биз ҳам йўлларимизни талаб даражасига келтириб олгач, уларнинг тажрибасини қўлласак бўларкан…

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan