Avto Olam > Blog > Бу қизиқ! > Автобошқарувга кимлар яроқли?

Автобошқарувга кимлар яроқли?

https://avtoolam.uz/bu_qiziq/1885/

ТАЛАБГОРГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР, ТЎЛОВ УСУЛЛАРИ, ТИББИЙ ХУЛОСА

Автомашина рулига ўтиришни истаган одамдан биринчи навбатда нима талаб қилинади? Бу борада нафақат мутахассислар, балки кўпни кўрган тажрибали ҳайдовчилар ҳам шуни эътироф этишади: ҳайдовчи энг аввало, соғлом бўлиши керак. Мавзуни қуйида давом эттирамиз.

БИРИНЧИ НАВБАТДА СОҒЛИГИНГИЗ ТЕКШИРИЛАДИ

Ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласида кўпинча узоқ йиллик тажрибага эга ҳайдовчилар эмас, балки автомактабларда ўқиш учун керакли ҳужжат тайёрлаётганлар кўпроқ эътибор қаратади. Чунки ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасида ўрнатилган тартибга кўра, автомактабга ўқишга қабул қилиш учун биринчи навбатда саломатлик тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилиши белгиланган.

Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг 2000 йил 6 июндаги “Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғига асосан, ҳар қандай турдаги транспорт воситаларини бошқарувчи барча ҳайдовчилар уч йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтишлари шартлиги белгиланган. Агар ЙҲХБ ходимлари ёки транспорт ташкилотлари мутасаддиларида бирон бир ҳайдовчининг саломатлиги борасида шубҳа туғилса, ҳайдовчи зудлик билан такрорий тиббий кўрикдан ўтишга юборилади.

ТАЛАБГОРГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР

Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш:

  • соғлигининг ҳолати бўйича махсус тиббий талабларга жавоб берадиган;
  • маълумоти умумий ўрта маълумотдан кам бўлмаган;
  • ўқиш муддати якунида “А” тоифасидаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун – 16 ёшга, “В” ва “С” тоифалари учун – 18 ёшга, “D” тоифаси ҳамда трамвай ва троллейбусларни бошқариш учун – 21 ёшга тўлган шахслар билан олиб борилади.

ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТАЛАБ ЭТИЛАДИ?

Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун номзодларни таълим муассасасига қабул қилиш қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:

  • ташкилотлар йўлланмаси (улар томонидан ўқишга юборилганлар учун);
  • соғлиги ва тегишли тоифалардаги транспорт воситаларини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома;
  • 3х4 ҳажмдаги 3 дона фотосурат (ҳайдовчиликка номзод фуқаро кийимида суратга тушган бўлиши керак);
  • Маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;
  • Паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат.

ЎҚИШ УЧУН ТЎЛОВ УСУЛЛАРИ ҚАНДАЙ?

Барча таълим муассасалари алоҳида юридик шахс ҳисобланади. Турли тоифадаги ҳайдовчилар тайёрлаш гуруҳларида таълим олиш учун тўлов нархлари ҳар бир таълим муассасасидаги мавжуд ўқув-моддий негиз, таълим учун сарфланадиган харажатлар, таълим муассасаси жойлашган ҳудуддаги ижтимоий шароитдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади. Шу сабабли, ягона тўлов нархи белгиланмаган (1 600 000 сўмдан 3 500 000 сўмгача). Ўқиш учун тўлов нархи бир ҳудудда жойлашган ташкилотлар орасида ҳам фарқ қилиши мумкин. “Ватанпарвар” ташкилоти таълим муассасаларида таълим учун тўлов усуллари бўйича чекловлар йўқ: тўлов банк шохобчалари орқали нақд пул, пластик карточка ёки ташкилот ҳисобидан пул ўтказиш йўли орқали амалга оширилиши мумкин.

ТИББИЙ ХУЛОСА ОЛИШ УЧУН ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИНАДИ?

Соғлиги ва тегишли тоифалардаги транспорт воситаларини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома деярли, ҳар бир туманда мавжуд бўлган махсус тиббий комиссия томонидан берилади. Бугунги кунда республикамизда хўжалик ҳисобидаги махсус тиббий кўриклар фаолият олиб бормоқда. Ҳайдовчилик маҳоратини ўрганишга иштиёқмандлар ўзлари рўйхатдан ўтган ҳудуддаги шундай муассасага:

  • паспорт (асли ва нусхаси);
  • 3х4 ҳажмли 2 дона фотосурат;
  • йигитлар учун ҳарбий гувоҳнома;
  • наркологик ва психоневрологик диспансерлардан маълумотнома;
  • кўрикдан ўтиш учун пул тўлангани тўғрисидаги паттани тақдим этадилар. Шундан сўнг кўрикдан ўтиб, мутахассисларнинг тиббий хулосасини оладилар.

КИМЛАРГА РУХСАТ ЙЎҚ?

Ҳайдовчилик комиссияси беш мутахассисдан иборат. Булар кўз билан боғлиқ кассаллик, қулоқ, бурун, томоқ кассалликлари, жарроҳ, асаб тизими ва терапевт шифокори. Аёллар эса қўшимча гинеколог шифокор кўригидан ҳам ўтадилар. Бугунги кунда ҳайдовчилик курсларида ўқишни истайдиган ёшлар жуда кўп. Аммо уларнинг барчасини ҳам автомобиль бошқарувига рухсат бериб бўлмайди. Айримлари организмида ривожланаётган хасталикдан ҳатто ўзлари хабардор ҳам бўлмайдилар.

Бу борада кўз билан боғлиқ касалликлар кўп учрамоқда. Бир кўзнинг йўқлиги ёки бирон бир фалокат туфайли йўқотилган кўз ўрнига протез қўйилганлиги, шунингдек, глаукоманинг барча турлари билан касалланган кишиларнинг автоулов бошқарувига рухсат берилмайди. Бундан ташқари, кўз қопчаси хасталиги билан касалланганлар ҳам автомобиль ҳайдашлари мумкин эмас. Бугунги кунда кўп учраётган кўз касаллигидан бири, бу – ранг ажрата олмаслик. Бу касалликнинг туғма ва кейинчалик орттирилган турлари мавжуд. Кейинги пайтларда ёшлар орасида мазкур касалликнинг орттирилган тури кўпайишига сабаб – меъёридан ортиқ компьютер олдида ўтириш, турли ўйинларга берилиш, айниқса, қора дарпардалар тутилган нимқоронғу хонадан соатлаб табиий ёруғликка чиқмаслик сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Унутманг: икки хил рангни ажрата олмаслик намоён бўлса ҳам, автомобиль ҳайдашга яроқсиз деб топилади.

БЎЙИ ПАСТЛАРГА ҲАМ РУХСАТ ЙЎҚ

Тақиқлар фақат кўз касалликлари билангина боғлиқ эмас. Масалан, қулоқ, бурун, томоқ шифокори текширувидан ўтганда, қулоқ эшитиш аппаратига зарар етказувчи касалликлари борларга ҳам машина бошқаришга рухсат берилмайди. Улар даволаниб, шифо топса, қайта кўрикдан ўтказилади ва хулоса ижобий томонга ўзгартирилиши мумкин. Шунингдек, бармоқлари ёки товони йўқ кишиларга ҳам машина ҳайдашга рухсат берилмайди. Ўзи соғлом бўла туриб, бўйи 150 см.дан паст бўлганларга ҳам автомобиль бошқариш мумкин эмас. Бундан ташқари, гепертоник, юрак хасталиклари бор беморларга ҳам рухсат йўқ. Чунки гепертоник касалликларда, кўпинча, қон босими ошади. Бу эса, машина бошқарадиганлар учун жуда хавфли ҳисобланади. Юрагини операция қилдирганларга ҳам уч йил муддатгача машина бошқаришга рухсат берилмайди. Фақатгина кардиолог кўригидан ўтиб, саломатлиги тикланганлигига тўла ишонч ҳосил қилингач, яроқли хулосасига эга бўлиши мумкин. Шунда ҳам бир йил муддатга. Улар ҳам ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиб туришлари шарт. Аёллар ҳомиладорлик пайтларида машина бошқаришни ўрганишларига рухсат берилмайди. Наркологик ёки психоневрологик диспансерларда рўйхатда турувчилар ҳам буткул даволаниб, рўйхатдан ўчганларидан кейингина тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатлик борасида бошқа муаммолари бўлмаса, тиббий кўрик комиссиясининг ижобий хулосасига эга бўладилар.

КИМЛАРГА РУХСАТ БОР?

Масалан, кўз касалликларини оладиган бўлсак, контакт линзалари ёки кўзойнак тақадиганларга рухсат бор, лекин улар ҳар йили такрорий тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Уларнинг тиббий маълумотномаларига линза ёки кўзойнак ёрдамида кўради, деб ёзиб қўйилади. Айрим касалликлар билан оғриганлар эса индивидуал кўрикдан ўтади, масалан, кар ва соқовлар. Агар улар сурдологдан ўтган, қулоғига эшитиш аппарати таққан бўлса, ногиронлик белгиси билан машина ҳайдашига рухсат берилади. Улар ҳам ҳар йили кўрикдан ўтиб туриши шарт. Шунингдек, бирон бир фалокат туфайли бир оёғи ёки бир қўли бўлмаган ногиронларнинг болдирининг учдан бир қисми бор бўлиб, ҳаракат сақланиб қолган бўлса, бундайларга ҳам ногиронлик белгиси билан автомобиль бошқаришга рухсат берилади.

Сарвар САФАРОВ тайёрлади

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan