Совуқ кунда йўлга чиқишдан олдин…

Avto Olam > Blog > Бу қизиқ! > Совуқ кунда йўлга чиқишдан олдин…

Совуқ кунда йўлга чиқишдан олдин…

https://avtoolam.uz/bu_qiziq/3278/

Қорли-қировли кунлар авжида. Қиш кунларида таъмирталаб йўлларда автомобилларнинг ҳаракатланиши қийинлашиши табиий ҳол, албатта. Баъзан носоз йўллар автомобилларнинг ишдан чиқишига, ҳатто, бахтсиз ҳодисалар содир бўлишига сабаб бўлади. Бундай нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

ЙЎЛЛАР ҚИШГА ТАЙЁРМИ?
Бу борада водийни Тошкент билан боғлайдиган «Водий-Тошкент» йўли ҳам алоҳида назоратда. Хўш, бу йўллар бугуннинг талабига жавоб берадими?

Машраб Отахонов, Андижон:
30 йилдан буён Тошкентга қатнайман. Ҳар ойда бир-икки марта иккита ўғлимнинг пойтахтда яшаши сабабли ўзимнинг шахсий «Нексия» автомобилимда келиб кетаман. Нолимайман, йўлларимиз яхши. Андижондан катта ўғлимнинг уйи­гача роппа-роса, 500 километр йўл босишим керак. Йўлсозларга раҳмат. Туну-кун халқ хизматида. Тўғриси, Қамчиқ довонида автомобиллар кўплиги сабабли йўлларнинг айрим қисмлари тез-тез таъмирталаб бўлиб қолмоқда. Энг асосийси, йўл бўйларида барча имкониятлар яратилган. Хоҳлаган жойда ҳордиқ чиқариб, «темир тойчоғингиз»га ҳам дам беришингиз мумкин.

«Катта ўзбек» тракти жанубий вилоятларимиз билан бир қаторда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларини пойтахтимиз билан боғлайди. Бу йўлдан ҳар куни минглаб автомобиллар ўз манзиллари томон шошади. Йўллар равон. Бу йўлларни йўлсозлар йил бўйи мунтазам равишда таъмирлаб боради. Ҳар 50-100 километрда йўлсозларга дуч келасиз.
Айрим ҳайдовчилар эса музлама йўлларда таваккал қилмасликни маъқул кўриб, вақтинча жамоат транспортидан фойдаланадилар. Бундан ташқари, совуқ ҳавода машинага ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратишга тўғри келади. Қуйидаги маслаҳатларимиз айнан шулар ҳақида.

МУЗЛАГАН ОЙНАЛАР
Айрим ҳайдовчилар қиш мавсумида транспорт воситасини йўналишга тайёрлашда хатоликларга қўл қўйишади. Маълумки, совуқ кунда йўлга чиқишдан олдин автомобиль двигатели қиздирилади. Двигатель билан баробар салон иситгичи ҳам ишга туширилади. Лекин аксарият ҳолларда ҳайдовчилар аввал двигателни, кейин салон иситгичини қиздиришади. Бу эса кечаси билан совуқ ҳавода турган ва қисман музлаб қолган олд ойна иссиқ ва совуқнинг кескин тўқнашуви сабабли синишига сабаб бўлади. Шу боис, двигатель билан баробар иситиш мосламасини ҳам ёқиш мақсадга мувофиқ.

БАЛЛОНЛАР
Қишда ҳайдовчи, энг аввало, автомобиль шиналарининг ҳолатига эътибор қаратиши керак. «Тишлари» едирилиб кетган шиналар қиш мавсумига умуман тўғри келмайди. «Тишлари» бутун бўлган тақдирда ҳам, айрим шиналар ёзги иқлимга мослаштирилганлиги туфайли, улардан қишда фойдаланиш хавфли.
Тажрибали ҳайдовчиларнинг фик­рига кўра, агар машинангиз ғилдирак­ларининг тишлари едирилиб, силлиқ бўлиб қолган бўлса, уларни имкон қадар тезроқ алмаштиринг. Чунки бундай шиналарда тормоз олиш қийин­лашади ва автомобилнинг тўхта­ши чорак баробарга чўзилади. Енгил авто­­мобиллар учун шина тишларининг минимал узунлиги 1,6 мм қилиб белгиланган. Бундан ташқари, ойда бир марта шиналардаги ҳаво босимини текшириб қўйишни унутманг. Чунки бўшаб қолган шиналарнинг ёрилиб ёки тешилиб қолиши осон.

ЭШИКЛАР МУЗЛАМАСИН
Ёғингарчилик вақтида автомобиль эшикларининг қулфлари яхлаб қолиши мумкин. Бунинг олдини олишнинг бир неча усуллари бор. Калит солинадиган жойга кичик магнитни ёпиштириб қўйсангиз, тешикка сув кирмайди ва музлашнинг олди олинади. Ёки калитни тормоз суюқлигига ботириб олиб, кейин бир неча бор қулф тешигига киргазиб-чиқаринг. Тормоз суюқлиги уни музлаб қолишдан сақлайди. Шунингдек, эшиклардаги резиналарни ҳам қуруқ ҳолда сақлашга ҳаракат қилинг. Бунинг учун уйга келгач, резиналарни қуруқ мато билан яхшилаб артиб чиқиш кифоя. Шунда улар бир-бирига ёпишиб, яхлаб қолмайди.
Шунингдек, олимларнинг аниқлашича, ҳайдовчининг салон ҳароратини вақти-вақти билан ўзгартириб туриши унинг диққатини оширади. Умуман, совуқ ҳарорат кишида зийракликни оширади. Шу боис айниқса, узоқ йўлга чиқаётганда салон ҳароратини назорат қилинг ва ўзингиз учун қулай бўлган босимга мослаштиринг. Агар йўлда уйқунгиз келаётганини сезсангиз, ҳароратни камида 8 градусгача туширинг.

КУТИЛМАГАН ТЎСИҚЛАР
Транспорт воситасининг тезлик тепкисини қанча боссангиз, тезлик шунча ошиб бораверади. Лекин музлама йўлларда тормоз тепкисини ҳар қанча босманг, автомобилни ўша заҳоти тўхтатишнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳаракатланиш вақтида йўлнинг ҳолатига алоҳида аҳамият бериш зарур. Кўприклар, йўл ўтказгичлар устидаги музламалар узоқроқ сақланиб туришини унутманг. Қиш мавсумида автомобилни кутилмаган тўсиқларни айланиб ўтиш ёки кескин тўхташ имконини берадиган тезликда бошқариш тавсия этилади.

ТЕЗЛИК СОАТИГА 50 КИЛОМЕТРДАН ОШМАСИН
Сирпанчиқ йўлларда фойдаланишга мўлжалланган турли мосламалар мавжуд. Шулардан бири автомобиль ғилдиракларига ўрнатиладиган занжирлардир. Улар тоғли йўлларда, тик тепаликлар ва кескин пастлайди­ган жойларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди. Занжирларни шиналарга ўрнатиш ва ечиб олиш унчалик мушкул эмас. Унинг биргина камчилиги автомобилни ҳаракатлантирувчи механизмини ишдан чиқаришидир. Занжир тақилган тақдирда ҳам йўлларнинг сирпанчиқлигига эътибор қаратинг ва тезликни соатига 50 километрдан оширманг.

ДИҚҚАТ, ПИЁДАЛАР!
Йўллар сирпанчиқ бўлган вақтда транспортлар оқими орасидан югуриб ўтишга уринманг. Яхлаган йўл тезлигингиз ва мувозанатингизга тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, сирпанчиқ йўлда транспорт воситасини кескин тўхтатишнинг имкони бўлмайди. Шундай экан, таваккал қилишга ҳожат йўқ.

ФАРАЛАР ХИЗМАТИНГИЗДА БЎЛСИН
1977 йилда Швецияда автомобиль чироқларини кундуз вақти ҳам ёқиб юриш қоидаси амалиётга тадбиқ этилганди. Йўлларда суғурта хавфсизлиги институти вице-президенти Энни Маккартт эса шундай деганди: «Кузатишлар шуни кўрсатдики, кундузи чироқ ёқиб автомобиль бошқариш йўл-транспорт ҳодисаларини 5 фоизга, пиёдалар ёки велосипедчилар билан тўқнашувни эса 12 фоизга камайтирар экан». Бу тавсия айниқса, булутли, қиш-қировли кунлар учун аҳамиятли.

АВТОШИНА ТАНЛАШДА ҚАНДАЙ ЖИҲАТЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК?
Автомобиль шиналарининг яроқлилик муддати 5 йил бўлиб, шина сотиб олинаётганда унинг маркировкасига албатта эътибор бериш керак. Унда шина қайси давлатда ишлаб чиқарилгани, ишлаб чиқарилган сана ва қайси фаслга мўлжаллангани тўғ­ри­сидаги маълумотлар бор. Аслида тўрт фаслга мўлжалланган шиналар маълум фаслга, яъни ёз ёки кузгига нис­батан камроқ масофага чидайди. Шу сабабли шинани фаслнинг ўзига мўлжаллаб, сотиб олганингиз маъқул.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan