Машинадан қиммат соатлар

Avto Olam > Blog > Бу қизиқ! > Машинадан қиммат соатлар

Машинадан қиммат соатлар

https://avtoolam.uz/bu_qiziq/3515/

Оддийгина ғилдиракнинг устига ўриндиқни жойлаштиришдан бошланган автомобиль тараққиёти бугунги кунда ўзининг янада авж нуқталарида. Вақт билан беллашадиган автомобиллар… Одатда, спорт автомобиллари ҳақида шундай дейиш мумкин. Муҳандислар уларни бир неча сониялар ичида соатига юз километр тезликда юра оладиган қилишди ва ушбу сонияларни ҳисоблаш учун турли компаниялар махсус хронометрлар ишлаб чиқаради.

ЭНГ БИРИНЧИ СПИДОМЕТР

Дастлабки спидометр ва илк қўл хронометрини Эдмон Жеже ихтиро қилган. Айтишларича, автомобилларни жудаям яхши кўрадиган бу соатсознинг номи билан аталувчи Jaeger-LeCoultre компанияси ҳозирда Англиянинг қатор автокомпаниялари билан ҳамкорлик қилади.

Jaeger-LeCoultre хронометрлари Aston Martin DBS ҳайдовчилари учун фақатгина вақт ўлчаш вазифасини бажармайди. Бу соатлар ёрдамида машина эгаси автомобиль эшикларини очиши ва моторни ўт олдириши ҳам мумкин. Соатнинг нархи эса нақд 35 минг доллар. Лекин Aston Martin сотиб олган харидор учун бу нарх унчалик қўрқинчли эмас.

Тезлик 300 км: соатга қарашга ҳам имкон бор…

Bugatti Veyron автомобили эгалари ҳам доимо антиқа нарсалар олишга кўникиб қолган. Уларнинг машинаси 2,5 сония ичида тезликни соатига юз километрга етказа олади. Мишел Пармижанининг хабар беришича, унинг компанияси Венсан Бернар исмли соатсоздан антиқа соат дизайнини сотиб олган. Ушбу соатнинг циферблати вертикал ҳолатда жойлашган бўлиб, механизми эса оқ олтиндан тайёрланган ва горизонтал цилиндр ичига жойлашган. Бунинг қулайлиги шундаки, ҳайдовчи ҳатто 300 километр тезликда кетаётган бўлса ҳам соат неча бўлганини бемалол кўриши мумкин. Ушбу соатни алоҳида сотиб олишнинг иложи йўқ, у машина сотиб олган харидорга совға сифатида берилади.

«Ferrari»нинг «расмий соатсози»

Ferrari компанияси ташкил топганидан буён кўплаб соатсозлик компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келади. 1970 йилда TAG Heuer компанияси бундай шарафга эришган бўлса, кейинроқ Girard-Perregaux ушбу автокомпания учун соатлар ишлаб чиқарган. Кейинги йилларда Oficcine Panerai компанияси Ferrariнинг «расмий соатсози»га айланди. Чунки Panerai соатлари энг аниқ юрадиган соатлар сирасига киради ва нархи ҳам Ferrari ишқибозлари учун  чўнтакбоп: нақ олти минг еврога тенг.

Юбилейга аталган соатлар

2005 йили Maserati компанияси ўзининг 90 йиллигини, Audemars Piguet соатсозлик компанияси эса 150 йиллигини нишонлади. Компаниялар ҳамкорликда бу санага атаб, Audemars Piguet Dual Time Millenary Maserati соатларини ишлаб чиқардилар. Бироқ бу соатлар чекланган миқдорда – 1440 дона (90 та платина соат, 450 та пушти олтиндан ишланган соат ва 900 та пўлат соат) чиқарилди.

110 минг долларлик соат

Porsche компанияси эса узоқ вақт давомида соатсозлик компаниялари билан келиша олмагач, Фердинанд Порше машҳур Eterna компаниясини сотиб олган ва Porsche Design соатларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйганди. Porsche Design Indicator деб номланган дастлабки соатнинг нархи 110 минг долларга тенг бўлган.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan