Карл Бенц – Уч қиррали юлдузнинг Дафна билан бирлашуви

Avto Olam > Blog > Бу қизиқ! > Карл Бенц – Уч қиррали юлдузнинг Дафна билан бирлашуви

Карл Бенц – Уч қиррали юлдузнинг Дафна билан бирлашуви

https://avtoolam.uz/bu_qiziq/3617/

Мен тобора шунга амин бўлаяпманки, бизнинг бахтимиз ёки бахтсизлигимиз буюмларнинг табиатига эмас, уларга бўлган муносабатимизга боғлиқ.

Автомобилсозлик пойдевори бўлган рақобат

Карл Бенц ва унинг ихтироси ҳақида сўз юритишдан олдин, ўша давр­нинг илк ғилдиракли автомобили яратилиши аслида Готлиб Даймлерга тегишли эканлигини таъкидлаб ўтишимиз зарур. Аммо Даймлер 1885 йилдан бошлаб икки ва тўрт ғилдиракли араваларда, қайиқ, темир йўл вагонларида қўллаган двигателнинг ўзини патентлаганди, холос. Бенц эса унинг двигателини такомиллаштириб, айнан илк автомобилни патентлаган.
Аксарият тарихий маълумотларда ХХ асрнинг охирида Германиянинг турли шаҳарларида ўз автомобилсозлик устахоналарини очган Даймлер ва Бенц кўп йиллар давомида бир-бирларининг мавжудлигини билмасдан па­раллель равишда фаолият олиб борганликлари айтилади. Кейинча­­лик бир-бирлари ҳақида эшит­гач, рақобатчига айланишади ва бу автомобилсоз­лик ривожига пойдевор сифати­да хизмат қилган.
Аммо рақобатчилар қай тариқа бирлашиб, «Мерседес-Бенц»га асос солишди?

Велосипед устахонасида яратилган «мўъжизалар»

Карл Фридрих Михаэль Бенц 1844 йилнинг 26 ноябрида Карлсруэ шаҳрида туғилган. Унинг отаси локомотив ҳайдовчиси эди. Карл Бенц ҳам Готлиб Даймлер сингари, техник лицейда, сўнгра политехника университетида таҳсил олди. Аввал машинасозлик заводида ишчи, чизмачи ва конструктор бўлиб ишлаган Бенц 28 ёшида Август Риттер билан ҳамкорликда очган велосипед устахонасида фаолият бошлади.
Кўп ўтмай, Карл Бенц устахонанинг шериклик қисмини ҳам сотиб олиб, у ерда такомиллаштирилган ички ёниш двигателларини яратиш билан шуғуллана бошлади. 1878 йилда икки зарбли бензин двигатель учун патент олди ва акселатор, ўт олдириш тизими, карбюратор, сцепление, узатмалар қутиси, сувли совутиш радиатори каби келажак автомобилларининг барча муҳим таркибий қисмлари ва тизимларини ҳам патентлади.
1882 йилда у «Gasmotoren Fabrik Mannheim» акциядорлик жамиятини ташкил қилди, аммо 1883 йилда жамиятни тарк этиб, велосипед устахонаси негизида «Benz & Company Rheinische Gasmotoren-Fabrik»га асос солди. Ушбу компания бензинли двигателларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланар эди. Айнан шу ерда Бенц ўзининг биринчи машинасини яратди.

Benz Patent-Motorwagen (Model II), 1887 йил

Бенцнинг илк автомобили – «Motorwagen»

Бенц яратган автомобиль учта металл ғилдиракдан иборат бўлиб, ихтирочи иккала олд ғилдиракни бир вақтнинг ўзида буриш масаласини еча олмаётган эди. У иккита орқа ғилдираклар ўртасида жойлашган тўрт босимли бензин двигатель ёрдамида ҳаракатга келтирилган. Айланиш занжирли узатма ёрдамида орқа ўққа узатилган. Машина свечали ўт олдириш, дифференциал, сцепление ва икки – нейтраль олд узатмаларга эга эди. Двигатель 0,8 от кучида ҳаракатланиб, цилиндрдаги сувнинг буғланиши натижасида терморегуляция амалга оширилган, яъни сув ёрдамида совутилган.
1885 йилда тайёр ҳолга келтирилган ушбу автомобиль «Motorwagen» номини олди. У 1886 йилнинг январь ойида патентланиб, 1887 йилда Парижда ўтказилган кўргазмада намо­йиш этилган.
«Motorwagen»нинг сотуви эса 1888 йилда бошланган.

Рафиқаси келтирган омад

1888 йилнинг 5 августида Карл Бенцнинг рафиқаси турмуш ўртоғидан берухсат амалга оширган саёҳати тарихга муҳрланди.
Кунларнинг бирида 39 ёшли, беш нафар фарзанднинг онаси, Берта хоним 80 км узоқликда яшайдиган онаси­нинг уйига боришга қарор қи­лади. Берта бошқалар каби поезд­да эмас, икки нафар ўғли би­лан турмуш ўртоғининг автомобилида йўлга тушади. Табиийки, бу вақтда ухлаб ётган Карл Бенцнинг бундан хабари йўқ эди (Улар автомобилни уй­дан узоқлашгач ўт олдиришади).
Карл Бенцга унинг автомобилида икки ўғли билан йўлга тушгани ҳақида ёзиб қолдирган Берта 106 километр масофани 12 соат давомида босиб ўтади, чунки илк авто­мобиллар тезлиги юқори бўлмаган. Йўлда баъзи муаммоларга дуч келишди: тепаликка кўтарилишга автомобилнинг кучи етмади, бундай пайтларда йўловчилар машинани итариб тепаликка олиб чиқиш­ларига тўғри келди. Яна тез-тез бензин тугаб, дорихонадан бензин сотиб олишга тўғри келарди (1888 йилда бензин тозалаш воситаси сифатида дорихоналарда, шиша флаконларда сотиларди). Берта манзилга ўғиллари билан омон етиб олгани ҳақида турмуш ўртоғига мактуб йўллашни ҳам унутмайди.
Умуман олганда сафар омад­ли якун топди. Берта шу тариқа одамларда автомо­биль келажагига ишонч уйғотди ва асосий мақсади, ўша пайт­ларда омадсизликлар сабабли тушкунликка тушиб қолган турмуш ўртоғи қалбида ишонч уйғотиб, шубҳаларни тарқатишга эришди.
Карл Бенц рафиқасининг сафари давомида автомобилнинг панд берган қисмларига ўзгартириш киритиб, уни янада мукаммаллаштирди.
Бертанинг жасорати бутун Германияга тарқалди ва Карл Бенцнинг автомобиль савдоси юришиб кетди.

Бенц автомобилларининг омад чўққиси

1889 йилда Карл Бенцнинг Франция­даги вакили унинг маҳсулотларини Париждаги автомобиль кўргазмасида тақдим этди. Ўша вақтда у ерда Даймлер компаниясининг авто­мобиллари ҳам иштирок этаётганди. Аммо кўргазма кўзланган натижани бермади.
1890 йилда қатор немис компаниялари Бенц автомобилларига қизиқиш билдира бошлашди. Шу сабабли фақат Бенц русумли автомобиль ишлаб чиқарувчи янги компанияга асос солинди. Кейинги даврда Карл Бенц янги лойи­ҳалар устида иш олиб борди.
1893 йилда ҳамёнбоп «Victoria» автомобили яратилди. У икки ўриндиқли, уч от кучига эга двигатель билан жиҳозланган, тўрт ғилдиракли эди. Унинг тезлиги соатига 17-20 км бўлган. Биринчи йил­даёқ ушбу турдаги 45 та машина сотилди.
1894 йилда «Velo» автомобили ишлаб чиқарилди. У компаниянинг Париж-Руандаги автопойгаларда иш­тирок этган илк автомобили бўлди.
1895 йилда биринчи юк машинаси ва тарихдаги илк автобуслар яратилди.
1897 йилда Бенц 2 цилиндрли горизонтал жойлашувга эга двигателни яратди, «контра-двигатель» номи билан машҳур бўлган ушбу мотор ёрдамида тез орада «Бенц» компанияси автомобиль спортида юқори натижалар кўрсата бошлади ва харидорлар орасида шуҳрат қозонди. Бу Карл Бенц­нинг муваффақиятли даврлари эди.
1914 йилнинг 25 ноябрь санасида Карлсруэ техника университети Карл Бенцга фахрий доктор унвонини берди.

1886 йилда ишлаб чиқарилган «Motorwagen» автомобилининг реконструкцияси

Молиявий инқироз бирлаштирган икки компания

Германиядаги молиявий инқироз кўплаб соҳалар сингари автомобилсозлик саноатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Қийин иқтисодий вазиятдан омон қолиш мақсадида 1926 йилнинг 28 июнида Карл Бенцнинг «Benz & Cie.» компанияси Даймлернинг DMG компанияси билан бирлашиб, «Daimler-Benz» (ҳозирда Daimler AG) концерни яратилди. (Бу вақтда Готлиб Даймлер ҳаётдан кўз юмганди). Натижада барча автомобиллар DMGнинг 1902 йилда яратилган энг омадли автомобили «Mercedes» шарафига «Mercedes-Benz» деб номлана бошлади. Янги компаниянинг логотипида уч қиррали Даймлер юлдузи Бенц логотипидаги дафна новдаси билан ўралди.
Карл Бенц 1929 йилнинг 4 ап­рель санасида Ладенбургда зотилжам (пневмония) оқибатида вафот этди.
Ҳозирда «Daimler AG» концерни томонидан ишлаб чи­қариладиган «Mercedes-Benz» автомобиллари ўз логотипи ва кўринишини ўзгартирганига қарамай, дунё автомобилсозлигида энг харидоргир, шу билан бирга машҳур брендлардан бири ҳамда Германиянинг йирик автомобиль компанияси бўлиб қолмоқда.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan