Карл Дизельнинг мудхиш якуни

Avto Olam > Blog > Бу қизиқ! > Карл Дизельнинг мудхиш якуни

Карл Дизельнинг мудхиш якуни

https://avtoolam.uz/bu_qiziq/3813/

Германиялик муҳандис ва ихтирочи, дизель двигателининг асосчиси Рудольф Кристиан Карл Дизель 1858 йилнинг 18 мартида Парижда китоб муқоваловчи Теодор Дизель ҳамда Элиза Штробель оиласида дунёга келган. Рудольфнинг отаси, германиялик муҳожир Теодор Дизель Парижда кичик устахона очганди. Аммо 1870 йилда Франция-Пруссия уруши туфайли немис қўшинлари томонидан босиб олинган Франция пойтахтини тарк этди. У рафиқаси ва вояга етмаган ўғли билан Лондонга кўчиб ўтди. Уруш тугагунга қадар Рудольфнинг онаси уни Аугсбургдаги холасиникига яшашга юборади. Фарзандсиз бўлган Барбара ва Кристофор Барникеллар жиянини самимий ва меҳр билан қабул қилади. Айниқса профессор поччаси Рудольфнинг иқтидоридан ҳайратланиб, унга ўз кутутбхонасидан фойдаланишга изн беради. 1871 йилда Рудольф поччаси математика фанидан таълим берадиган Аугсбургдаги Земс Қироллик коллежи талабасига айланади. Коллежни 1873 йилда имтиёзли тамомлаб, Аугсбургда янги очилган Техник мактабида ўқишни давом эттиради. Орадан икки йил ўтгач, у Мюнхендаги Бавария Қироллик Политехника Институти стипендиясига сазовор бўлади. Аммо бу вақтга келиб унинг ота-онаси ўғлининг бирор ишнинг «бошини тутиши» тарафдори эди.

ЎЗ ВАТАНИДА ҚАДР ТОПМАГАН ИХТИРО

1893 йилда Дизель «янги рационал иссиқлик двигатели» учун патент олади. 1893 йилда эса Карно модефикацияланган циклини патентлади.
1893 йилдан бошлаб Аугс­бург машинасозлик заводида Фридрих Крупп ва ака-ука Зульцерлар компаниялари молиявий иштирокида янги двигателни ишлаб чиқиш амалга оширилди. Илк двигатель 1897 йилда яратилди. Ушбу двигатель 172 айланиш тезлигида 20 от кучига эга бўлиб, унинг самарадорлик коэффициенти 5 тонна оғирликда 26,2 фоизга тенг эди. Бу самарадорлик коэффициенти 20 фоиз бўлган Отто двигателлари ва 12 фоиз бўлган денгиз буғ турбиналаридан анча юқори кўрсаткич бўлган. Шу сабабли Дизель двигатели саноат соҳасида катта қизиқиш уйғотди. Тез орада унинг двигателлари турли мамлакатларда қўлланила бош­лади ва юқори натижаларга эришди. Аммо Рудольфнинг ўз ватанида унинг ихтироси қадрланмади.
Германияда Дизелнинг их­тироси қаттиқ танқидга учрайди. Улар дизель двигателларини оммавий ишлаб чиқариш мумкин эмаслигини таъкидлашарди. Бу асосан дизель двигателлар оммалашуви натижасида зарар кўриши мумкин бўлган кўмир магнатлари ва ҳасадгўй ҳамкасблар фикри эди.

ИЛК ДИЗЕЛЬ ДВИГАТЕЛЛИ МЕРСЕДЕС-БЕНЦ

1898 йилнинг 1 январида Рудольф дизель двигателлари ишлаб чиқарувчи заводга асос солди. 1900 йилнинг куз ойида Лондонда ўз компания­сини ҳам рўйхатдан ўтказди. 1903 йилда эса дизель двигателли биринчи кема ишга туширилди. 1908 йилда дизель двигателларининг кичик ҳажмдагилари яратилиб, улар юк машинаси ва локомотивда қўлланилди. 1936 йилда дизель двигатели илк маротаба серияли ишлаб чиқарилувчи енгил автомобиль – Мерседес-Бенц-260D русумига ўрнатилди.
Рудольф Дизель «Дизель двигателини яратиш» китобида ўз ихтиролари ҳақида батафсил ёзиб қолдирган.
Патентлаш жараёнларидаги кўплаб муаммолар Рудольф Дизельнинг соғлиғига жиддий путур етказди. Шу сабабли санаторийда ҳам даволаниб чиқишига тўғри келганди. Қолаверса, унинг молиявий аҳволи ҳам яхши бўлмаган. Дизель яхши ишбилармон эмас, балки яхши ихтирочи эди. 1913 йилдаги молиявий инқироз сабабли у буткул касодга учради.

ДИЗЕЛЬНИНГ МУДХИШ ЯКУНИ

1913 йилнинг 29 сентябрь санасида Рудольф Дизель «Дрезден» кемасида Антверпендан Лондонга йўл олади. Чунки Рудольфнинг конструкцияси асосида двигателлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган Британия компаниясининг янги «Consolidated Diesel Manufacturing Co.» заводининг очилишига таклиф этилганди. Аммо «Дизель» фамилияли йўловчи кеманинг рўйхатга олиш китобида қайд этилмаганди. Бу ҳолат Рудольфни ранжитдими, йўқми пайқаш қийин эди. Чунки кун бўйи кайфияти яхшига ўхшарди, лекин кечки пайт каютасига кириб кетганича қайтиб чиқмади. Эртаси куни эрталаб Дизелнинг каютаси бўш бўлиб, унинг пальтоси ва шляпасини палубадан топишди. Орадан бир кун ўтгач, белгиялик балиқчилар денгизда башанг кийинган одамнинг жасадини топишади. Бўрон туфайли улар танани портга етказа олишмади ва унинг узугини ечиб олиб, жасадни денгизга улоқтиришга мажбур бўлишади. Рудольфнинг ўғли узук отасига тегиш­ли бўлганини тасдиқлайди. Дизель ўз жонига қасд қилдими ёки уни ўлдиришдими, буни билиш имконсиз эди.
Лекин баъзи манбааларда биринчи жаҳон уруши сўнг­гида асирга олинган немис аскари немис разведкаси буйруғига биноан Дизелни денгизга улоқтирганини тан олади деб ёзилган. Бу орқали улар Дизелнинг барчадан сир тутаётган харбий соҳага дахлдор янги ихтироси борасида Британия Адмирали билан музокараларига тўсқинлик қилмоқчи бўлишган.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan