Луи Шевроле – машҳурларнинг аянчли якуни

Avto Olam > Blog > Бу қизиқ! > Луи Шевроле – машҳурларнинг аянчли якуни

Луи Шевроле – машҳурларнинг аянчли якуни

https://avtoolam.uz/bu_qiziq/4344/

Шевроле шарифи французчадан таржима қилинганда «эчки сути» маъносини анг­латади. Тасодифни қарангки, Луи Шевроле Швейцариянинг сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш маркази саналган минтақаларидан бирида дун­ёга келган. Соатсоз отаси ўз касби ортидан 7 нафар фарзанди ва рафиқасини имкон қадар таъминлар эди. Луи ота касбига қизиқиб, кўп вақтини устахонада ўтказарди. Аммо таълим олишга деярли қизиқмасди. Бу эса ота-онасини хавотирга соларди.
Шевроле саккиз ёшга тўлганда оиласи билан Францияга кўчиб ўтади. Янги технологик кашфиётлар ва ихтиролар бўсағасидаги бу мамлакат майда соат деталларига қизиққан Луини буткул мафтун этди. Тез орада у ғилдираклар, буғ двигателлари каби темир-терсаклар оламига шўнғиб кетди ва велосипедларни таъмирлаш устахонасига ишга жойлашди. У ерда Луи техника бў­йича билим даражасини сезиларли даражада ошириш билан бирга «ўзиюрар вагонлар» сир-асрорларини ҳам ўзлаштира бошлайди. Велосипедлар бор жойда пойга ҳам бўлиши табиий ва пойгалар ўша даврнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлган. Албатта, бўйи икки метрли, бақувват Луи Шевроле велосипед мусобақаларида ўзини кўрсатиш имкониятини қўлдан бой бермайди.
1895 йилда маҳаллий француз газетаси Луи Шевроле исмли ўспирин Бургундияда ўтказилган велосипед пойгасида ғолиб бўлганлиги ҳақида ёзади. Бу Луининг пойгачи сифатидаги муваффақиятларининг бошланиши эди. Кейинги уч йил ичида у 28 та турли мусобақаларда ғолибликка эришади. Мусобақалар қаҳрамонимиз учун нафақат севимли машғулот, балки яхшигина даромад манбаи ҳам бўлган.
Одатий кунларнинг бирида устахона буғ мобилини таъмирлашга буюртма олади. Ушбу уч ғилдиракли тран­спорт воситасининг эгаси ўша даврнинг йирик молиячиси, миллионер шунингдек, Нью-Йоркда ўтказиладиган пойгалар ҳомийси ва ташкилотчиси бўлган Вандербильд эди. Луининг ишидан кўнгли тўлган Вандербильд унга миннатдорлик билдиргач, Луи океан ортига йўл олса, бу қобилияти билан машҳурлик ва бойликка эришиши аниқлигини айтади.
Ушбу учрашув Шевроленинг келгуси ҳаётий режаларига қанчалик даражада таъсир кўрсатгани маълум эмаску, аммо 1899 йилда у Парижга, Франция автомобилсозлик саноати марказига йўл олади. Парижда Луи «Darracq» автомобилсозлик устахоналарида ишлаб, ички ёниш двигателларини синчковлик билан ўрганади ва океан ортига етиб олиш учун чиптага пул йиғади. ХХасрнинг бошларида эса Американи забт этиш учун йўлга отланади.

У дастлаб Ню-Йоркдаги «De Dion-Bouton» номли француз автомобиль маркаси филиалида ишлайди. Марказ ёпилгач, кичик устахоналарда механик ва бадавлат оилаларда ҳайдовчи бўлиб пул топар эди. Ана шундай кунларнинг бирида кейинчалик унга икки ўғил туҳфа қилган бўлажак рафиқаси билан танишади. Луига FIAT компанияси ваколатхонасида ҳамда янги тезюрар пойга автомобиллари яратиш орзусидаги дўсти Уолтер Кристи устахонасида иш топилади. Аммо буларнинг барчаси Шевроле учун иккинчи даражали бўлиб, биринчи ўринни пойгалар эгаллаганди.
ХХ асрнинг бошларида пой­га автомобилларини бош­­қариш жиддий жисмоний тайёргарлик ва куч талаб қи­ларди. Шевроле эса ушбу талабларга жуда мос келарди. У деярли барча пойгаларда иштирок этиб, аста-секин ном ва обрў қозона бошлади. Ҳатто бир марта Вандербильд томонидан уюштирилган нуфузли пойгада ҳам қатнашди. Ўшанда Луи 110 км/соат тезликда жаҳон рекордини ўрнатади. Шевроле барчани ҳайратга сола бош­лаганди. Газеталар у ҳақда бонг ура бошлашди. Машҳурликнинг ортида эса қаҳрамоннинг автофалокатлардан сўнг тез-тез касалхоналарда кўзини очиши «беркинганди». Бундай «майда-чуйдалар» Луини тўхтата олмасди.
1909 йилда Луи Шевроле «General Motors» асосчиси Уильям Дюрантнинг шарофати билан «Buick» пойга жамоа­сини бошқарди.
Уильям Дюрант ҳақида батафсилроқ тўхталсак, 1910 йилга келиб, «General Motors» акциядорлари автомобиль ишлаб чиқарувчиларига пора бериш, қалбаки муаллифлик гувоҳномалари билан боғлиқ хавфли ўйинларга ўч бўлган Дюрантдан ниҳоят қутулишга муваффақ бўлишади. Уильям Дюрант эса бу одатларидан воз кечмоқчи эмасди ва ўз мавқе­йини қайтариш йўлини изларди. Машҳурлик чўққисида бўлган, қолаверса, техника билан яхши «дўстлашган» Луи Шевроле Уильямнинг режалари учун айни муддао эди.
Баъзи маълумотларга қараганда, ўшанда Дюрант ҳатто расмий техник маълумотга эга бўлмаган Луига «Орзусидаги автомобиль» двигателини яратишни таклиф қилади. Двигатель прототипини эса тахминларга кўра, «General Motors»дан кетаётганда «қўлга киритган»ди. Таклифни иштиёқ билан қабул қилган Луи орадан бироз вақт ўтгач, олти цилиндрли двигатель яратади. Дюрантга эса яна автомобиль бозорига киришни таъминловчи ихтиро топилганди. Натижада 1911 йилда Дюрантнинг таклифига биноан Шевроле мамнуният билан ўз номини берган «Chevrolet Motor Car» компанияси рўйхатдан ўтказилди. Бироқ, Луи компаниянинг бош муҳандиси лавозими билан чекланди.
Дюрант ва Шевроленинг компания қандай автомобиль ишлаб чиқариши кераклиги борасидаги фикрлари бир-бирига зид эди. Дюрант арзон машиналарни ишлаб чиқариб, Генри Форд билан рақобатлашмоқчи бўлса, Луи люкс классдаги ҳашаматли автомобиль яратиб «Cadillac» билан тенглашмоқчи бўларди. Ушбу баҳсда биринчи ва охирги марта Шевроле ғалаба қозонди. Натижада янги ташкил этилган компаниянинг илк автомобили «Classic Six» модели яратилди.

«Classic Six» бадавлат харидорлар учун автомобиль сифатида тақдим этилди. Модель ҳақиқатдан ҳам ҳашамдор, кучли ва қиммат эди. Автомобилга Луи Шевроле томонидан ишланган олти цилиндрли, 50 от кучига эга, 105 км/соатгача тезлашиш имконини берадиган двигатель ўрнатилди. Беш ўриндиқли ушбу седан йиғма устки қисм, электр фаралар, ойна тозалагичлар ва ҳаттоки ёритилган спидометрга эга эди. Бахоси ҳам шунга яраша («Ford Model T» 600 АҚШ долларига сотилаётган бир пайтда) – 2150 АҚШ доллар этиб баҳоланди. Ўша пайт­да АҚШ бозорида 275 та автомобиль ишлаб чиқарувчи компания бўлганлигини ҳисобга олсак, сотувнинг муваффақиятли бўлиши мушкул эди.
Бу ҳолат «General Motors»дан уни қувиб солганлардан ўч олиш дардида юрган Дюрантни ғазабга солди. Натижада, Дюрант ва Луи ўртасида низолар келиб чи­қа бошлайди. Келишмовчиликлар Луи Шевроленинг нафсониятига тегадиган даражага етганда ҳамкорлар айрилишга қарор қилишади. Шу тариқа атиги 2 йил давом этган ҳамкорлик тугатилиб, 1913 йилда Луи истеъфога чиқади ва кейинчалик Шевроленинг Америкада узоқ вақт бўлмаганидан фойдаланган Дюрант автомобилларни «арзонлаштириш» сиё­сатини олиб бораётганини билгач, ўз улушини ҳам сотиб юборади. Афсуски, ушбу қимматли қоғозлар Шевролени келажакда мультимиллионерга айлантириши мумкинлигини у ҳатто тахмин ҳам қилмаганди. Ўртадаги низоларга ва компаниянинг қайта ташкил этилишига қарамай, Дюрант компания номидаги «Chevrolet» шарифини сақлаб қолди. Энди «Chevrolet Motors» рақобатбардош автомобиллар ишлаб чиқара бошлаганди ва тез орада муваффақиятли компанияга айланди. Уильям Дюрант ниҳоят «қасос» режасини амалга ошириб, ўша пайтда оғир молиявий аҳволда бўлган «General Motors» акцияларининг бошқарув пакетини сотиб олди. Шу тариқа у компания президентлиги курсисига қайтиб, «Chevrolet»га «General Motors»нинг етакчи бўлими мақомини берди.
Бу вақтда Луи Шевроле пойга спортига қайтишга қарор қилганди. У «Blood Brothers Machine Company» асосчиси Говард Блад билан ҳамкорлик қилиб, улар биргаликда «Cornelian» пойга автомобилини яратадилар. 500 кг вазнга эга ушбу автомобиль ҳар қандай иссиқлик манбаида ишлашга қодир бўлган, ташқи ёниш двигателлари синфига мансуб Стирлинг двигатели билан жиҳозланганди. 1915 йил Луи Индианаполисда 500 миллик масофага уюштирилган пойгада «Cornelian»да иштирок этиб, тезликни 130 км/соатгача кўтаришга муваффақ бўлди. Аммо клапаннинг синиб кетиши сабабли Луи пойгани якунлай олмади ва 20-ўрин билан кифояланади.
Шевроле бу билан таслим бўлмади. Франциядан Америкага кўчиб келган укаси Гастон билан биргаликда «Frontenac Motor Corporation» компаниясига асос солишди. Компанияда алюмин ци­линдр блокли двигатель би­лан жиҳозланган пойга авто­мобиллари яратишга ки­ришиб кетишди. Энди Луи Шимолий Америка қитъасининг энг обрўли пойгаларини забт этишга қодир эди. У 1919 йилда тўрт марта «Indy 500» пойгасини энг яхши кўрсаткич билан якунлаб, еттинчи ўринни эгаллади. Пойгаларда Гастон ҳам муваффақиятли иштирок этарди, ҳатто 1920 йилда у маррага биринчи бўлиб келади. Аммо кейинги мусобақа фожиа билан якунланади…
Укасининг ўлими Луига қаттиқ зарба берди. У пойгадан «воз кечишга» қарор қилади. Кейинчалик сўнгги марта катер штурвалига ўтириб, пойгада иштирок этади ва ҳатто 1925 йилдаги Майами регатаси ғолиби бўлади. Аммо бу ғалаба бой берилган машҳурликни қайтаролмади. Шевроле «Frontenac»да ишлашни давом эттириб «Ford» автомобиллари учун пойга агрегатларини ишлаб чиқаради. Бироқ тижоратдаги уқувсизлиги панд бериб компания инқирозга учрайди. Шундан сўнг у асос солган яна бир автомобиль компанияси таназзулга учраб, Шевроле тушкунликка тушиб қолади. Натижада автомобилсозликни бутунлай тарк этишга қарор қилади.
Собиқ пойгачи ҳаётини двигателларсиз тасаввур этол­­маганлиги сабабли, автомобиль ўрнига авиацион моторлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб кўради. Ҳатто фирма ҳам очади, афсус бу уриниш ҳам омадсиз якун топди. Оқибатда Луи эски касби — соатлар ва маиший техника таъмирлаш билан шуғулланишга мажбур бўлади. Тақдирнинг аччиқ ҳазилини қарангки, 1934 йилда ўз номини берган «Chevrolet»га ишга жойлашади, лекин энг кам иш ставкаси билан механик вазифасига.
Бу айни ишлаш ва фаол турмуш тарзини кечириш ёшида бўлган Луи Шевролени бут­кул «синдирди». Қолаверса, унда «пойгачилар касаллиги» атеросклероз аломатлари сезила бошланганди. Шифокорлар Луига дастлаб машина ҳайдашни тақиқлашди. 1938 йилда Луи нафақага чиқиб рафиқаси билан Флоридадаги кичкина хонага кўчиб ўтди. У ернинг нам иқлими эса касалликни кучайтириб, тез орада оёғидан айрилади. Бир неча ойлардан сўнг авлодларига фақат машҳур шарифинигина мерос қолдирган Луи Шевроле бу оламни тарк этди…

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan