Носоз йўллар сабабли автомобилимизга зарар етса…

Avto Olam > Blog > Кун мавзуси > Носоз йўллар сабабли автомобилимизга зарар етса…

Носоз йўллар сабабли автомобилимизга зарар етса…

https://avtoolam.uz/kun_mavzusi/3163/

Автомобиль ҳайдовчиси йўлларда зийрак, эҳтиёткор бўлиши керак. Ҳар қандай кўнгилсизликлардан қочиш ва автофалокатларнинг олдини олиш аввало унинг ўзи учун зарур. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўладики, бунда биз ўзимизга боғлиқ бўлмаган вазият қурбонига айланамиз. Масалан, йўлларнинг талаб даражасида эмаслиги сабабли юз берадиган йўл-транспорт ҳодисалари…
Ахир ҳайдовчи сифатида рулга ўтирар эканмиз, автомобиль йўл­ларидаги носозликлар, кутилмаган чуқурлар ва очиқ қолган люклар ҳақида олдиндан «сирли тарзда» хабардор бўлишимизнинг иложи йўқ. Қолаверса, сифатли ва текис йўлларда ҳаракатланиш учун йўл фонди тўловларини ҳам амалга ошириб, фуқаролик бурчимизни адо этар эканмиз, йўлларимизга масъул ташкилот ва ходимлардан ҳам шуни талаб қилишга ҳақлимиз.

КИМ НИМАГА МАСЪУЛ?

Аввало носоз йўллардан «гина қилиш» учун давлат ташкилотларининг автомобиль йўллари борасида мажбуриятларини аниқлаштириб оламиз.
Йўл қопламаси ва йўл тузил­ма­ларининг ҳолати учун (булар­га кўп­­риклар, туннеллар, йўл ўтказ­гич­лар, йўлакчалар, шунинг­дек, ҳо­зир­да босқичма-босқич демон­таж қилинаётган транспорт восита­лари­нинг оқимини ажратиб турувчи металл тўсиқлар ва бошқалар кира­ди) жавобгарлик шаҳар ва туман ҳокимликларининг ободонлаштириш бошқармаларига юклатилган (Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бош бошқармаси телефон рақами 71-227-47-21, 227-47-59, 227-48-11);
Шаҳарлараро автомобиль йўл­лари­­нинг ҳолати бўйича жавоб­гар­лик Ўзбекистон Республикаси Авто­мобиль йўллари давлат қўми­та­си зиммасида (http://www.uzavtoyul.uz).
Сифатсиз асфальтлаш ишларига гувоҳ бўлсангиз ёки таъмирланган йўл тезда (бир йил ичида) яроқсиз ҳолга келиб қолган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Йўл-қурилиш ишлари сифатини на­зорат қилиш инспекциясига онлайн тарзда мурожаат қилишингиз мум­кин (http://www.dyi.uz/ru/feedback).

ЧУҚУРГА ТУШИШ БАХТСИЗ ҲОДИСАМИ ЁКИ ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИ?

Йўллардаги чуқурларга тушиб к­е­тиш натижасида энг кўп учрайдиган ҳолат ғилдиракнинг тешилиши бўлса, иккинчи ўринда ғилдирак дискининг зарар кўриши ҳисобланади. Баъзан ҳатто кузовга зарар етиши мумкин.
Ҳўш, бундай ҳолатларни йўл-транс­порт ҳодисаси ҳисоблаш мумкин­ми?
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунига кўра, йўл-транспорт ҳодиса­си – транспорт воситасининг йўлдаги қатнови жараёнида содир бўлиб, фуқароларнинг ўлими ёки уларнинг соғлиғига зарар етишига, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар ши­каст­ланишига ёки бошқа тарзда мод­дий зарар етказилишига сабаб бўлган ҳодиса.
Демак, ҳаракатланаётган транспорт воситаси чуқурга тушиш натижаси­да зарар кўрса, бу йўл-транспорт ҳо­дисаси ҳисобланади ва биз йўл патруль хизмати ходимларини чақи­ришимиз мумкин.

РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ТАЖРИБАСИ

Россия Федерациясида ҳайдовчи йўллардаги чуқурлар сабабли йўл-транспорт ҳодисасига учраса, ҳатто автомобиль ғилдираги носоз йўл сабабли тешилса ҳам ўша ҳудуддаги йўлларга хизмат кўрсатувчи ташки­лотдан етказилган зарарни унди­риши мумкин.
Тўғри, бундай ҳолатда йўл таъ­мир­ловчи ташкилотлар айбини исбот­лаш бироз мушкул, лекин уддасидан чиқса бўлади.
Россияда йўллардаги талаб дара­жасига оид давлат стандарти (ГОСТ Р 50597-93) жорий этилган (Бу ҳақда исталган интернет қидирув тизими орқали маълумот олиш мумкин):
– Йўллардаги чуқурлар ва бўшлиқ­лар узунлиги 15 см, кенглиги 60 см ва чуқурлик даражаси 5 см дан ошмас­лиги керак;

– Йўллардаги люклар қопқоғи йўл юзасига 2 см дан ортиқ чиқиб тур­мас­лиги керак;
– Трамвай рельслари йўл юзасига 2 см дан ортиқ чиқиб турмаслиги ёки чўк­мас­лиги керак, темир йўл кесиш­ма­лари эса 3 см дан ошмаслиги керак.
Яна серқатнов автомобиллар йўл­­ларидаги носозликлар 5 кун да­во­мида, серқатнов бўлмаган йўллар ва кўчаларда 10 кундан кўп бўлмаган вақт мобайнида бартараф этилиши лозим.
Ўзбекистонда ҳам автомобиль йўл­ларига оид Давлат стандартини узоқ изладик. Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жи­ҳатдан тартибга солиш илмий-тад­қиқот институти ходимлари ҳам бундай стандартларни бизга то­пиб бера олишмади. Лекин 2007 йил 29 июнда қабул қилинган «Авто­мобиль йўллари тўғри­си­да»ги Қонуннинг 17-моддасида кўр­са­тил­ганидек, автомобиль йўл­лари­дан фойдаланувчилар авто­мо­биль йўлидаги носозликлар туфайли ет­ка­зилган зарарни белгиланган тар­тибда ундириб олиш ҳуқуқига эга.
Аммо қайси стандарт асосида ундириб оламиз?
Яна мутасадди ташкилотлар хо­дим­ларининг сўзларига кўра, авто­уловингиз носоз йўл сабабли за­рар кўрган бўлса йўл таъмирлашга масъул ташкилотлардан зарарни қоп­­лашни талаб қилишингиз мум­кин. Лекин айнан юқоридаги авто­мобиль йўлларига оид Давлат стан­дартининг мавжуд эмаслиги сабабли иш узоқ муддатга чўзилиши та­йин ва ҳозирча бу каби шикоятлар амалиётда учрамаган.

НОСОЗ ЙЎЛЛАР САБАБЛИ АВТОУЛОВИНГИЗГА ЗАРАР ЕТГАНДА, ҲАҚИНГИЗНИ ТАЛАБ ҚИЛМОҚЧИ БЎЛСАНГИЗ…

Юқоридаги каби вазиятда турли қийинчиликлар ва асаббузар­лик­ларга қарамай, ҳақингизни та­лаб қилмоқчи бўлсангиз (тўғри қи­­ла­сиз! Қачонгача сифатсиз йўл­лар­га чидаб, зарарни ўзимиз қоп­ла­шимиз керак?!), диққатлироқ бў­ли­шин­гиз­га тўғри келади. Йўл-транспорт ҳоди­саси содир бўлгандан ке­йинги тўғри тўпланган далиллар, муваффақиятли натижага имкон яра­тади. (Аммо бу ҳолатда автомобиль тезлиги йўлдаги кўрсатилган меъёрдан ошмаган бўлиши кераклигини ҳам унутманг!)
Аввало йўл патруль хизмати ходим­ларини чақиринг (102 рақами орқа­ли), улар келгунча эса, Сизда муста­қил равишда далилларни тўплаш учун етарли вақт бўлади:
– Агар гувоҳлар бўлса, уларнинг координатларини ёзишга шо­ши­линг. Гувоҳлар одатда жуда тез тар­қалишади, кейин уларни топи­шин­гиз қийин кечиши мумкин.
– Воқеа жойини суратга олинг. Суратга олишда қўйидагиларга аҳамият қаратинг:
– Воқеа жойининг манзили (кўча­нинг номи ва уй рақами ёзилган фонда фотосурат);
– Давлат рўйхатидан ўтган транс­порт воситаси;
– Автомобилнинг кўзга кўринган ши­кастланган қисми;
– Зарар етказган чуқур;
– Чуқур мавжудлиги ҳақида огоҳ­лан­тирувчи йўл белгилари ва тўсиқ­ларнинг йўқлиги.
Бахтсиз ҳодиса содир бўлган жой­ни рўйхатдан ўтказишда, йўл патруль ходими чуқур борлиги ва унинг ўлчамларини аниқ ва тўғри кўрсатганига ишонч ҳосил қилинг. Бундан ташқари, чуқур мав­жудлиги ҳақида огоҳлантирувчи йўл белги­лари ва тўсиқларнинг йўқлиги ҳам қайд этилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Республика йўл жамғармаси йиғимлари рас­мий ди­лерлик тармоқлари орқали харид қилинган янги автомобиль умумий қиймати­нинг 3 фоизи кўринишида, экс­плуа­та­ция­да­ги эски автомо­бил­лар учун иш­лаб чиқарилган йи­­лига ва от кучига қараб энг кам иш хақининг 6-11 фоизи миқ­дорида ундирилади.

ЭҲТИЁТ ЧОРАЛАРИНИ КЎРИШ ҲАМ ЗАРАР ҚИЛМАЙДИ

Носоз йўллар сабабли етказилган зарарни ундирамизми йўқми, авто­мобилимизга зарар етмаслиги, асаб­ларимиз, вақтимиз, маблағимизни те­жаш аввало ўзимиз учун зарур. Шу сабабли йўлларда ҳушёрликни оши­риб, чуқурларга эътиборли бўли­шимиз лозим.
Қандай қилиб чуқурга тушмаслик мумкин?
Ҳайдовчилар ва уларнинг транс­­порт воситалари учун хавф туғди­риши мумкин бўлган носоз йўллар, очиқ люклар кабиларга кўзингиз тушса, дарҳол 71-227-47-21, 227-47-59, 227-48-11 (Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бош бошқармаси) ра­қамларига қўнғироқ қилиб, бу ҳақда хабар беринг;
Аввало, баҳор, қиш ва куз ой­лари­да автомобиль ҳайдашда эҳ­тиёт бў­линг. Йилнинг айнан ушбу фасл­ларида ёғин­гарчиликлар оқи­бати­да йўлларда кўп­лаб чуқур­лик­лар ҳосил бўлади.
Агар йўл сув билан қопланган бўл­са, тезликни минимал даражага туши­ринг. Бу сиз яхши билган йўл­ларга ҳам тегишли. Кун давомида йўлда чуқурлик пайдо бўлган бўли­ши мумкин ва агар сиз унга катта тезликда тушсангиз, нафақат шина тешилади, балки ғилдираксиз қоли­шингиз, ҳеч гап эмас. Минимал дара­жадаги тезлик зарарни камайтиради.
Олдиндан кўринган чуқурни сўнг­ги дақиқада айланиб ўтишни кўз­ламанг. Тўсатдан рулни бурга­нинггизда сиз барча оғирликни ғил­ди­ракларга «юк­лаган» ҳолда ши­наларга зарар етка­зишингиз мумкин.

Йўлларда эҳтиёт бўлинг! Ўзингиз ва автоуловингизни асранг!

Муаллиф: ДИЛФУЗА ГАПИРОВА

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan