Trade-In дастурнинг қулайликлари ва ноқулайликлари

Avto Olam > Blog > Кун мавзуси > Trade-In дастурнинг қулайликлари ва ноқулайликлари

Trade-In дастурнинг қулайликлари ва ноқулайликлари

https://avtoolam.uz/kun_mavzusi/3564/

2019 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда йўлга қўйилган трейд-ин дастури ҳақида шу кунга қадар кўплаб маълумотлар тақдим этилди. Дас­турнинг қулайлиги, ортиқча қоғозбозликлардан халос этиши, вақтни тежаши, эски автомобилда ташриф буюриб, янгисида қайтиш имконияти борасида қанча таъкид­лан­масин, ҳамон ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар, ишончсизликлар ва турли миш-мишларга сабаб бўлмоқ­да.
Шу сабабли ушбу дастурнинг қулайлиги ёки аксинча эканлиги ҳақида холисона мақола ёзиш мақсадида ижодий жамоа билан марказга ташриф буюрдик. Ташрифимиздан мақсад шунчаки трейд-ин фаолиятини ёритиш учун эмас, таҳририятимизнинг Матиз русумли автомобилини янгисига алмаштириш орқали дастур афзалликлари ва қулайликларига гувоҳ бўлиш эди…

Русуми – Matiz
Ишлаб чиқарилган йили – 2009 йил
От кучи – 49
Ранги – қизил
Босиб ўтган масофаси (пробег) – 200 000 кмдан ортиқ
Ҳолати – ўрта, (кузовда қирилган, эзилган қисмлар мавжуд, двигатель таъмирланган)

1-БОСҚИЧ

Марказга ташриф буюришдан аввал худди шундай ҳолатдаги ва русумдаги автомобилларнинг ижтимоий тармоқлардаги эълонларда қанчага баҳоланаётгани билан қизиқдик.
Биз ҳам автомобилни ижтимоий тармоқларда эълон бериш орқали баҳолатишга қарор қилдик. Шу йилда ишлаб чиқарилган ва шу ҳолатдаги автомобиллар нархидан келиб чиққан ҳолда 3 500 ш.б (у.е) нарх белгиладик.
Лекин автомобилга биз белгилаган нархга харидор топилмади. Автомобилдан келиб чиқиб, уни 25-28 000 000 сўмга сотишимиз мумкинлигини айтишди.

2-БОСҚИЧ

Тrade-in марказига йўл олдик. Марказ қабулхонасига ташриф буюриб, автомобилимизни баҳолатиш учун «Дилерлик маркази»га ўтдик.
Унутманг, автомобилингизни баҳолатишда унинг кузови ювилган бўлиши керак. Шу сабабли, марказдаги автомобиль ювиш шаҳобчасига мурожаат қилдик. Ушбу хизмат 15 000 сўмни ташкил қилди (лекин кузовни қаерда ювдиришингиз аҳамиятсиз).
Марказда автомобилни баҳолаш учун «Сергели автотеххизмат», «АС-Тўйтепа» сервис, «Nurafshon Autocentre» вакилларидан бирига мурожаат қилиш мумкин. Ушбу вакиллардан бири билан нарх борасида келиша олмасангиз, бошқа вакилларга нархлатишингиз ҳам мумкин, ҳар бир вакил ўз нархини таклиф этади.
Биз «Сергели автотеххизмат» вакили Сирожиддинов Мўйинжон акага мурожаат қилдик. 10-15 дақиқалик текширув ишларидан сўнг, автомобилнинг техник ҳолати ва ишлаб чиқарилган йилидан келиб чиқиб, Матизимиз 25 000 000 сўмга баҳоланди.
Агар сиз автомобилингизга белгиланган нархга рози бўлсангиз, у ҳолда сотиш шартномаси тузилади ва автомобиль дилер ҳисобига ўтади ва дарҳол янги автомобиль сотиб олиш учун шартнома тузилади.

3-БОСҚИЧ

Энди янги машина билан эскисининг нархи ўртасидаги фарқни тўлаш масаласи қолди. Ушбу суммани тўлашда жисмоний шахслар банкдан кредит расмийлаштиришлари ҳам мумкин. Аксарият банклар айнан трейд-ин дастури учун 12-36 ой муддатга 24-30 фоизлик кредит тақдим этишни йўлга қўйишган. Агар сиз хоҳлаган автомобиль мавжуд бўлса, ўша куннинг ўзида марказдан янги автомобилда чиқиб кетишингиз мумкин. Акс ҳолда бир неча кун кутишга тўғри келади.

Дастурнинг қулайликлари
• Вақтингизни тежайди. Автомобилингизни сотиш учун эълонлар жойлаштириш, автобозорга олиб чиқиш, эски автомобилни сотиш ва янгисини сотиб олишда ҳужжатларни расмийлаштиришга кетадиган вақтингизни тежайсиз. Дастурнинг қулайлиги ҳам шунда, у сизни барча қоғозбозликлардан халос этади.
• Автомобилингизни сотув учун тайёрлашдан халос бўласиз. Марказда эски автомобилингизни шу ҳолича қабул қилишади. Салонни тозалаш, кузов таъмири каби ишлар кейинчалик марказ томонидан амалга оширади.
• Қаллобларга алданиб қолмайсиз. Янги автомобиль харид қилиш ва эскисини сотишда алданиб қолмайсиз. Ҳатто марказдан эски автомобиль харид қилишда ҳам кафолатга ва текин хизмат кўрсатишга эга бўласиз.
• Эски автомобиль билан янги автомобиль фарқини тўлашда кредит расмийлаш­тириш имконияти мавжуд. Автомобилини янгилашни хоҳлаган, лекин етарли маб­лағи бўлмаган шахслар учун кредит асосида ўз орзусини амалга ошириш айни муддао бўлади.
• Марказ орқали эски автомобилларни ҳам кафолат билан харид қилишингиз мум­кин. Бунда ҳам ортиқча қо­ғоз­бозлик­лардан халос бўласиз.

Ноқулайликлари
• Танлаш имкониятининг чекланганлиги. Дастур орқали фақат UzAuto Motors автомобилларини сотиб олиш мумкин ва автомобилларнинг сиз хоҳлаган русумдагиси бўлмаса, маълум муддат кутишга тўғри келади.

Хулоса
Трейд-ин дастури орқали янги автомобиль харид қилишга ўртача 4-5 соат вақтингиз кетади. Кредит расмийлаштириш мумкинлиги кўплаб мижозлар учун айни муддао. Лекин барча русумдаги автомобилларнинг доим ҳам мавжуд бўлмаслиги ноқулайлик келтириб чиқаради. Умуман олганда эса турли югур-югурлар, қоғозбозликлар, мижоз­лар билан талашиб-тортишиш­лар­дан холи равишда марказ қаҳвахонасида чой ичиб, янги автомобиль расмийлаштиришга нима етсин? Яна ўзингиз биласиз…

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan