Машинам ўз-ўзидан ёниб кетди…

Avto Olam > Blog > Кун мавзуси > Машинам ўз-ўзидан ёниб кетди…

Машинам ўз-ўзидан ёниб кетди…

https://avtoolam.uz/kun_mavzusi/4340/

Кейинги пайтларда онда-сонда учраса-да, «фалончининг машинаси ўз-ўзидан ёниб кетибди» ёки «ёқилғи қўйиш шахобчасида турган машина портлабди» каби айрим нохуш ҳодисаларни эшитамиз. Аввало, автомашина бошқарувига ўтирган киши ниҳоятда масъ­улиятли бўлмоғи керак. Кейинги пайтда газга мосланган машиналар кўпайди. Маълумки, бензинга қараганда газ арзимас ўт чақнаши натижасида ҳам портлаши мумкин. Хўш, бундай нохуш ҳодисалар рўй бермаслиги учун автоҳавас­кор ва умуман ҳайдовчилар нималарга эътибор бериши керак?

— Яқинда қўшнимизнинг Нексияси ёниб кетди. Ўтни ўчираман деб машина эгасининг қўл-оёқлари куйди. Қўни-қўшнилар амаллаб ёнаётган машинани ўчиришди. Ёнган машина жарима майдончасига, қўшним «тез ёрдам»да касалхонага жўнади. Ўтказилган техник экспертиза хулосасига кўра, машина вақтида техник кўрикдан ўтказилмагани, бир мунча арзимасдек кўринган носозликлар бартараф этилмагани, боз устига ўриндиқ остида бир «баклашка» бензин бўлгани кабилар йиғилиб мазкур кўнгилсизликка сабаб бўлган экан.
Ш. Мавлонов, Навоий вилояти

ЎЗ-ЎЗИДАН ЁНМАЙДИ
Абдували Назаров, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани ёнғин хавфсизлиги инспектори: — Аввало, ҳеч қандай автомашина ўз-ўзидан ёниб кетмайди. Ҳар қандай ҳодисанинг сабаблари бор. Кимлардир ўз мол-мулки, жумладан автомашинасига ҳам эътиборли бўлса, баъзилар «машина бир темир бўлса, унга ортиқча эътиборнинг ҳожати йўқ. Юриб турса бўлди-да» дейишади. Ҳаётда кўп кузатилган, вақтида кўрикдан ўтмаган, таъмирталаб, техник носоз автомашиналар одатда кўнгилсизликларга сабаб бўлади. Худди шулар қаторида автомашиналарнинг ёниб кетиш ҳоллари ҳам. Масалан, кўп ҳолларда автомобиль ускуналарининг носозлиги, электр қисмлардаги таъмирлаш ишлари қоида асосида ўтказилмагани, оловдан фойдаланишда эҳтиётсизликка йўл қўйиш кабилар ёнғинга сабаб бўлган.
Озроқ вақт ёки маблағни аяш аянчли ҳолатга олиб келиши мумкин. Ноўрин тежамкорлик оқибатида нафақат транспорт воситаси зарар кўради, балки инсон ўз жони ва соғлиғига ҳам жабр қилиб қўйиши мумкин.

ҲАЁТИЙ ТАЖРИБАЛАРДАН…
Баҳодир Очилов, ҳайдовчи: — Айрим ҳайдовчилар машинада таъмирлаш ишлари олиб боришнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари борлигини унутиб қўядилар. Масалан, яқинда бир танишим КАМАЗ русумли автоуловнинг ёқилғи бакини таъмирламоқчи бўлган. Ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, пайвандлаш мосламасини бакка яқинлаштирган. Бир неча йиллар давомида бакга ёқилғи сингиб, ҳидланиб, буғланиб туриши маълум. Ҳайдовчи уни ювиб, шамоллатмасдан пайвандлаш ишларини бошлаб юборган. Шу вақтнинг ўзида портлаш юз бериб, нафақат машинага, балки ҳайдовчининг ўзига ҳам зарар етказган.

«ОРТИҚЧА БЕНЗИН ОЛИБ ЮРГАНГА ЧОРА БОРМИ?»
— Айримлар, айниқса кўп йиллик тажрибага эга ҳайдовчилар автомобилида плас­тик идишларга солинган заҳира ёнилғи олиб юришни одат қилган. Ана шундай «бир томонлама эҳтиёткор» ҳай­довчиларга қонуний чора кўз­да тутилганми? Умуман, ён­ғин келиб чиқишига ўзла­ри­нинг эътиборсизлиги ёки кўра-била туриб содир этган ҳа­ракати сабаб бўлганларга нис­батан қандай чора кўрилади?
Р. Эсонов, Самарқанд шаҳри

Малика Мазбудова, Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист: — Аввало, автотранспорт воситасини сотиб олган ёки энди бошқараётган шахс бошиданоқ белгиланган йўриқнома билан таништирилади. Маълумки, ҳозир ҳар бир автомашина йиллик мажбурий суғурта қилинади. Суғурта қилувчи ва автомобиль эгаси ўртасида тузилган шартномада томонларнинг мажбуриятлари қаторида, ҳайдовчи нималарга алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги ҳам белгиланган. Мажбурий талаблардан бири бу – ёнғинга олиб келувчи ҳаракатлардан тийилишдир. Автомобилда ёнилғи олиб юриш, сигарет чекиш ва бошқа шу каби ҳолатлар алоҳида қайд этилган. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Қонунда белгиланган тартибни бузган, ёнғинга олиб келувчи ҳолатларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик ҳам белгиланган.

ҲАЙДОВЧИГА МАСЛАҲАТ
Аввало, автомобилнинг тех­ник ҳолатидан тортиб, тозалигигача, ундан ким фой­­даланаётгани ёки йўловчиларнинг ким эканлиги ҳам ҳайдовчининг қатъий назоратида бўлиши шарт. Биринчи навбатда машинанинг электр таъминловчи қисмларига эътибор қаратинг. Турли фавқулодда ҳодисалар автомашинани бошқарганда ёки тўхтаб турганида эмас, балки фойдаланмай, гаражда қолдирган пайтда ҳам содир бўлиши мумкин. Шунинг учун электр таъминоти ва шу би­лан боғлиқ бош­қа жиҳозларни доим кўздан кечириб туриш лозим. Вақт ўтиб бузилиши, фойдаланиш муддати ўтиб кетиши ёки ишлаб чиқариш жараёнида носоз қисм қўйилган бўлиши мумкин. Иккинчидан, ёнилғи қуйиш тизими, бензин қуйиш жойи, бакнинг ўзи, қопқоғи ва бош­қа ҳар бир майда-чуйда деталларга аҳамият бериш фойдадан холи эмас. Чунки ёнғин чиқариши мумкин бўлган мосламаларга бефарқ қараб бўлмайди. Бак, моторга борадиган қувурлар, албатта, соз бўлиши керак.
Албатта ҳайдовчи рул бош­қарувига ўтирар экан, нафа­қат ўзи, балки атрофидагиларнинг ҳам хавфсизлигига масъулдир.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan