Ниқобдаги қаҳрамонлар

Avto Olam > Blog > Репортаж > Ниқобдаги қаҳрамонлар

Ниқобдаги қаҳрамонлар

https://avtoolam.uz/reportaj/3549/

Юртимиздаги коронавирус пан­демияси даврида ҳуқуқни му­ҳофаза қилиш идо­ралари ходимлари, ҳар­бийлар ва шифокорларимиз «кўринмас душман» билан ку­раш ўчоғининг айнан марказида қолмоқдалар. Улар нафақат бугуннинг қаҳрамонлари, балки вақт, макон танламас фидоийлардир.
«Ўзавтосаноат» АЖ таркибидаги «ClinicPro» тиббий диагностика маркази тиббиёт ходимлари ҳам бугунгидай мураккаб пайтда ўзи ва оиласининг саломатлиги, ҳаётини хатарга қўйиб «тож­дор вирус»га қарши кураш­да касбига бўлган садоқатни на­моён этмоқдалар.
Суҳбатимиз ана шундай қаҳрамон шифокорлардан би­ри, «ClinicPro» тиббий диаг­но­с­тика маркази Бош шифо­кори Муяссар Га­фуржановна Мухамедова билан бўлди.
— Ассалому алайкум! Юртимиздаги пандемия, Covid-19 вирусига қарши курашиш ҳа­қида сўз бошлашдан аввал республикамиздаги, қолаверса «ClinicPro» марказида фаолият олиб бораётган барча тиббиёт ходимларига ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Улар бундай мураккаб даврда елкама-елка меҳнат қилиб, касбига садоқати, фидоийлиги, жонкуярликлари­ни яна бир бор исботламоқ­да­лар.
Республикамизда илк коронавирус инфекциясига ча­­­ли­ниш ҳолати 15 март санасида қайд этилган бўлса, ўша заҳоти ҳам­касбларимиз билан бирга ўзимизга бирик­тирилган «Ўзавтосаноат» АЖ, унинг таркибидаги ва бош­қа корхоналар ходимлари учун ушбу касалликка қарши курашишда самарали чора-тадбирлар дастурини ишлаб чи­қишга киришдик. 16 март санасида эса коронавирус­нинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юза­си­дан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаб, барча корхоналарга тарқатдик. Ушбу тизимлардаги бўлимларга тиббиёт ходимларини бириктириш, ходимлар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш, жойлардаги фильтрлаш бўлимларида хизмат қилиш билан биргаликда, марказимизга ташриф буюрувчи беморлар ҳақида ҳам унутмаслигимиз талаб этилди. Зиммамиздаги масъулият икки ҳисса ортганига қарамай, ушбу офатга қарши курашда жамоамиз янада жипслашди ва инсонларни ҳимоя қилиш учун бор куч-ғайратимизни сарфлаяпмиз!
— Шу вақтга қадар «Ўзавтосаноат» АЖ тизимида фа­о­лият юритаётган ходим­ларда коронавирус ин­фек­ция­си­ни юқтириб олиш ҳо­лат­лари қайд этил­ди­ми?
— Шукурки, тизимимизда бундай ҳолат содир бўлмади, бўлмасин ҳам. Ўйлайманки, бунда тизим раҳбарининг ро­­ли катта бўлди. «Ўзавтосаноат» АЖ тизимдаги завод ва ташкилотлар карантин даврида ҳам қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда узлуксиз фаолият олиб борди. Ўз ўрнида ва вақтида кўрилган чора-тадбирлар, видеоконферен­ция орқали мунтазам олиб борилган тушунтириш ишлари касаллик юқишининг олдини олишда ўз самарасини бермоқда деб биламан.
— Кутилмаганда эълон қи­­­­лин­­­ган карантин чора-тад­­­бир­­ларини амалга оши­риш­­да муаммолар ҳам бўл­­ган­­­дир?
— Муаммолар асосан касалликнинг авж олиш даврида перометрлар, тиббий қўл­қоп, ниқоб каби ҳимоя воситалари танқислигида бўл­­­­ди. Аммо бу борада ҳам ха­ба­­­рингиз бор, қисқа вақт ичи­да тизимдаги айрим корхона­лар қайта жиҳозланиб, ҳимоя во­си­таларини ишлаб чиқара бош­лади.
— Зиммангиздаги шунча ва­зи­фалардан ортиб, «тож­дор вирус»га қарши флэшмобларда ҳам фаол иштирок этдингиз…
— Бу жамоамизнинг ташаббуси. «Биз Сиз учун ишдамиз, Сиз биз учун уйда қолинг!» флэшмобида қатнашишни так­­лиф этишганда, ғоя менга ҳам ёқди. Биласизми, ходимлар олдимга турли таклифлар билан тез-тез кириб туришади. Янги акциялар дейсизми, ижтимоий ёрдам масалалари… Бундан жуда хурсанд бўламан. Марказимизда нафақахўрлар, боқувчисини йў­­­қот­­ган инсонларни бепул тиб­­бий кўрикдан ўтказамиз, бу ҳам жамоамиз таклифи асо­си­да йўлга қўйилган.

«ClinicPro» тиббий диаг­но­с­тика маркази Бош шифо­кори Муяссар Га­фуржановна Мухамедова

— Марказ ўз фаолиятини бошлаганига у қадар кўп вақт бўлмаган бўлсада, бундай аҳил жамоани шакллантириш таҳсинга сазовор!
— Марказимиз 2017 йилда таш­кил этилган бўлиб, ҳозирда бу ерда 80 нафарга яқин ўз касбининг фидоийлари иш­ла­шади.
Марказимиз энг сўнгги ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Масалан, рес­­пуб­­ликада саноқли бўлган, шифокор ва ўрта тиббий ходими иштироки талаб этил­­майдиган ёпиқ типдаги авто­матлаштирилган лабора­тория, сўнгги русумдаги ультратовуш диагностика ва МСКТ, маммограф аппаратла­рига эгамиз. Германиядан кел­тирилган ушбу ускуналарнинг барчаси Европа ҳамда АҚШ тиббиёти стандартлари асосида ишлайди, мунтазам стандартлашдан ўтказилади.
Ходимларимиз эса доимий равишда хорижий давлатларда малака ошириб ке­лиша­ди. Қолаверса, маркази­мизда Туркия, Россия, Корея, Ҳиндистон давлатлари билан телетиббиёт йўлга қўйилган. Хориждаги ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашишда телетиббиёт дастури жуда қўл келади.
Умуман олганда, инсонлар саломатлигини асрашимиз учун марказимизда барча имкониятлар яратилган!
Шу ўринда, юртдошларимиз­дан ўз саломатликлари­га бефарқ бўлмасликларини, ушбу си­новли кунларда имкон қадар ўз­лари­ни асрашлари, карантин қоида­ларига тўлиқ риоя қилишларини сўраб қоламан. Бирлашсак, коронавирусни албатта енгамиз!

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan