«Uz-Saemyung Cо»: «Фахрийлар эъзозда»

Avto Olam > Blog > Репортаж > «Uz-Saemyung Cо»: «Фахрийлар эъзозда»

«Uz-Saemyung Cо»: «Фахрийлар эъзозда»

https://avtoolam.uz/reportaj/3795/

Андижон вилоятидаги «Uz-SAEMYUNG Co.» қўшма корхонаси Ўзбекистон автомобиль саноатига бутловчи қисмлар — ёнилғи баки, ёнилғи насоси, штампланган қисмлар ва йирик қуйма-кавшар панеллар ҳамда ўриндиқлар учун қуйма деталлар етказиб бераётган энг йирик корхоналардан бири. Мазкур корхона «Ўзавтосаноат» АЖ ва Жанубий Кореянинг «СЭМЮНГ Метал Индастриз Ко. ЛТД» компанияси ҳамкорлигида 1996 йилнинг 27 декабрида ташкил этилган. Cалкам чорак асрдан бери «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги ушбу корхона муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
Йилига 360 минг дона енгил автомобилларга бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш қувватига эга қўшма корхонада 43 та пресслаш, 332 та пайвандлаш дастгоҳлари, 26 та робот ва 1 та бўёқ линияси мавжуд. 2017 йилда корхонанинг Хоразм филиалида Лабо автомобилининг ёнилғи бакларини ишлаб чиқариш линияси ишга туширилди. 2016-2018 йилларда лойиҳа қуввати 360 минг дона енгил автомобиллар­га бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ташкил этувчи 1200 тоннали автоматик тандем ва 600 тоннали тандем пресс линиялари ва ўрамли пўлат листлардан хом ашё тайёрлаб берувчи 600 тоннали пресс линиялари ўрнатилган янги пресслаш цехи қурилди. Ушбу цех 2018 йилнинг апрель ойидан иш бош­лади. 2020 йилнинг апрель ойидан эса корхонада ёнилғи насос­ ларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Айни пайтда бу ерда Кобальт, Нексия, Жентра автомобиллари учун ёнилғи насослари ишлаб чи­қарилмоқда.
Корхона раҳбариятининг соҳага замонавий технологияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишга қаратган эътибори туфайли кейинги йилларда корхона йилдан йилга ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ҳажмини ошириб бормоқда. Жумладан, 2017 йилда 164 миллиард 555 миллион сўмлик, 127 минг 649 дона бутловчи қисм ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда 423 миллиард 854 миллион сўмлик, 205 минг 247 дона маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ўтган 2019 йилда эса 443 миллиард 460 миллион сўмлик, 255 минг 838 дона бутловчи қисм ишлаб чиқарилган. Жорий йилда ҳам корхона жамоаси ўз олдиларига улкан мақсад қўйган бўлиб, уни амалга ошириш учун юртимиздаги карантин шароитига қарамасдан самарали меҳнат қилишмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, «Uz-SAEMYUNG Co.» қўшма корхонаси ўз маҳсулотларини экспорт қилишда ҳам бошқа баъзи корхоналарга ўрнак бўла олади. 2018 йилда 383 минг 400 доллар миқдоридаги бутловчи қисмларни экспорт қилган бўлса ўтган 2019 йили бу кўрсаткич 620 минг 800 долларни ташкил этди.

Айни пайтда корхонада 1000 нафардан ортиқ ишчи ходимлар меҳнат қилишмоқда. Улардан 200 нафари корхона ташкил этилгандан буён фаолият юритиб келаётган ишлаб чиққаришда катта тажрибага эга, ўз ишининг асл усталари.
Соҳанинг фидойи мутахассислари нафақат корхона ривожига балки автомобиль саноатининг тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшишган. Ҳозирда «Uz-SAEMYUNG Co.» қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш бўйича директори вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган Салайдин Балтабоев ҳам мана шундай инсонлардан. «Uz-SAEMYUNG Co.» қўшма корхонасидаги меҳнат фаолиятини 1997 йилдан бошлаган С.Ш. Балтабоев иштирокида 2001-2009 йилларда Андижон ва Наманган вилоятларида автомобиль бутловчи қисмлари етказиб берувчи 20 дан ортиқ маҳаллий корхоналар ташкил қилинди. Бу корхоналарда 230 дан ортиқ иш ўринларии яратилди ва аҳолининг ижтимоий муҳофазага мухтож қатлами иш билан таъминланди. Ҳозирда бу корхоналарда 200 турдан ортиқ автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқариши йўлга қўйилди.
2007-2008 йилларда маҳаллийлаштириш дастури асосида янги иш ўринлари яратиш бўйича С.Ш.Балтабаевнинг иштирокида қисқа вақт ичида 300 тоннадан 1200 тоннагача қувватга эга бўлган замонавий пресс дастгоҳлари билан жиҳозланган пресс цехи қурилиб ишга туширилди.
Корхонанинг мана шундай фахрий ва жонкуяр ишчиларидан яна бири Ким Нина Григорьевнадир. Аёл киши бўлишига қарамасдан юртимиз автомобиль саноатидаги меҳнат фаолиятини 1997 йил қўшма корхонанинг бош директор ўринбосари лавозимида бошлаган. Бу инсон ўтган 23 йил давомида корхона ривожига улкан ҳисса қўшди. Айни пайтда ҳам у корхонанинг энг ҳаракатчан, меҳрибон ва ташаббускор раҳбарларидан. У Тошкент қишлоқ хўжалик ирригация ва механизация муҳандислар институтини тугатган бўлишига қарамасдан ишлаб чиқариш техникаси ва автомобилсозлик саноатига бўлган қизиқиши туфайли ўз ҳаётини юртимиз автомобиль саноати билан боғлади ва адашмади.

Корхонада фаолият юритувчи мана шундай фахрий мутахассисларнинг 20 дан ортиқ рационализаторлик таклифларидан айримлари ишлаб чиқаришга ҳам жорий этилган. Жумладан:
› «Нексия» ва «Матиз» ав­томобилларининг ёнилғи бак­лари учун хориждан келтирилаётган хом-ашёларни маҳаллий хом-ашёларга алмаштириш;
› маҳсулот, хом-ашёларни сарфланишини оптимал меъёрларини ишлаб чиқиш;
› технологик жараёнларни такомиллаштириш;
› чиқинди сифатида чиқаётган металл листлардан бутловчи қисм ва халқ истеъмоли буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.
Ушбу таклифларни ишлаб чиқаришга жорий этиш натижасида йилига 126 миллион сўмлик иқтисодий самара олинди ва хом-ашёлар сотиб олишга чет эл валютаси сарфи 20 % гача камайишига эришилди.
«Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар» деган нақл доноларимиз томонидан бекорга айтилмаган. Назарий билимга эга бўлган ҳар қандай мутахассис ҳам амалий ишга ўтганда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, ишлаб чиқаришнинг ўзига хос паст-баланди ҳақида устозлардан олган кўникмасига таянмасдан мустақил фаолият юритиш қийин кечади. Шу боис, корхонадаги меҳнат жамоаси ўртасида яхши йўлга қўйилган уста-шогирдлик анъанаси туфайли корхона маҳсулотларнинг сифати ва иш унумдорлигининг юқорилиги билан алоҳида ажралиб туради.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan