Avto Olam > Blog > Рулдаги хонимлар > «Тўрт ғилдирак» билан дўстлашган хонимлар

«Тўрт ғилдирак» билан дўстлашган хонимлар

https://avtoolam.uz/ruldagi_xonimlar/1889/

Дунёнинг йирик автомобиль компанияси бир неча йил давомида аёл ҳайдовчилар ўртасида сўровнома ўтказди. Натижаларга кўра, 87 фоиз аёллар ўз автомобилларини ҳаётининг энг муҳим қисмларидан бири (оила, уй-рўзғор ва касбидан кейин, албатта!) деб ҳисоблашар экан.

Ҳаммамизга маълумки, бундан 20-30 йил олдин йўлларимизда автомбиль бошқариб кетаётган аёлни кўриш “ноёб” ҳодиса эди. Бугун эса кўпгина аёлларимиз “тўрт ғилдирак” билан дўстлашиб улгуришган!

Аслида, автомобиллар пайдо бўлгунга қадар ҳам аёллар ўзларини от-улов бошқарувида синаб кўришган. Бироқ бу саноқли ҳолатлардагина юз бериб, оммалашмади.

Автомобиль рулига ўтирган биринчи хоним эса илк бензин двигателли автомобиль ихтирочиси Карл Бенцнинг рафиқаси Цицилия Берта Бенц эди.

Автомобиль рулига ўтирган биринчи хоним

Кунларнинг бирида 39 ёшли, беш нафар фарзанднинг онаси, Берта хоним уйидан 80 км узоқликда яшайдиган онасининг уйига боришга қарор қилади. Берта бошқалар каби поездда эмас, икки нафар ўғли билан турмуш ўртоғининг автомобилида йўлга тушади. Табиийки, бу вақтда ухлаб ётган Карл Бенцнинг бундан хабари йўқ эди (Улар автомобилни уйдан узоқлашгач ўт олдиришади).

Карл Бенцга унинг автомобилида икки икки ўғли билан йўлга тушгани ҳақида ёзиб қолдирган Берта 106 километр масофани 12 соат давомида босиб ўтади, чунки илк автомобиллар тезлиги юқори бўлмаган. Йўлда баъзи муаммоларга дуч келишди: тепаликка кўтарилишга автомобилнинг кучи етмади, бундай пайтларда йўловчилар машинани итариб тепаликка олиб чиқишларига тўғри келди. Яна тез-тез бензин тугаб, дорихонадан бензин сотиб олишга тўғри келарди (1888 йилда бензин тозалаш воситаси сифатида дорихоналарда, шиша флаконларда сотиларди). Берта манзилга ўғиллари билан омон етиб олгани ҳақида турмуш ўртоғига мактуб йўллашни ҳам унутмайди.

Умуман олганда сафар омадли якун топди. Берта шу тариқа одамларда автомобиль келажагига ишонч уйғотди ва асосий мақсади, ўша пайтларда омадсизликлар сабабли тушкунликка тушиб қолган турмуш ўртоғи қалбида ишонч уйғотиб, шубҳаларни тарқатишга эришди.

Карл  Бенц  рафиқасининг сафари давомида автомобилнинг панд берган қисмларига ўзгартириш киритиб, уни янада мукаммаллаштирди.

Бертанинг жасорати бутун Германияга тарқалди ва Карл Бенцнинг автомобиль савдоси юришиб кетди. Шу тариқа тарихдаги биринчи аёл ҳайдовчи автомобиль саноатининг ривожига ҳам ҳисса қўша олди!

Аёлларсиз автомобилсозлик қай аҳволда бўларди?

Умуман олганда, аёлларнинг автомобилсозлик ривожига қўшган ҳиссаси борасида баҳслашиб бўлмайди. Илк машиналар қулайликдан маҳрум эди: уларнинг усти очиқ, ноқулай, жуда шовқин-суронли бўлган.

Ёпиқ кузовли автомобиллар ХХ асрнинг бошларида Францияда аёллар талаблари асосида  – бошқарув жараёнида шамол соч турмакларини бузмаслиги ва бош кийимларини учириб кетмаслиги учун яратилган.

Автомобиль ойналарини артишга мўлжалланган қурилма (дворник) Мери исмли аёл сабабли пайдо бўлган. Ёмғирли ҳавода ҳайдовчига автомобиль бошқариш қанчалик ноқулайлигини (чунки тез-тез автомбилдан бошини чиқариб ойналарни артишга тўғри келарди) кўрган Мери Андерсен 1903 йилда илк автомобиль ойналарини артувчи мосламани патентлади, гарчи улар қўлда бошқарилса ҳам, қулай эди. Электрон бошқарувига эга ойна артиш ускунасини эса 1917 йилда бошқа бир аёл, Шарлота Бриджвуд ихтиро қилди. Биринчи овоз сусайтиргич (глушитель) ҳам 1917 йилда аёл киши – америкалик Долорес Жонес томонидан ихтиро қилинган.

Пойгачи хонимлар

Аёллар орасида автомобилда энг узоқ масофани америкалик Элис Рэмзи 1909 йилда босиб ўтган. У мустақил равишда бутун Америка Қўшма Штатлари бўйлаб Шарқдан Ғарбга томон 41 кун давомида босиб ўтган.

АҚШнинг собиқ президенти Теодор Рузвельтнинг қизи Элис Рузвельт Лонгворт ҳам Нюпортдан Вашингтонга автомобилда ёлғиз саёҳат қилиб, тарихда ўз номини қолдирган.

Хорижда XIX-XX асрларда ҳайдовчи аёллар сони бўйича Франция ва Англия етакчилик қилган. Дунёдаги илк аёллар автокулуби ҳам 1903 йилда Англияда очилган. Биринчи аёл киракашлар йигирманчи асрнинг бошларида Германияда пайдо бўлган.

Ўтган асрнинг бошларида автомобиль пойгалари урфда бўлиб, аёллар уларда бир неча бор ғалаба қозонишган. 1927 йилда Европада Гран-при ғолиби, чехиялик Элизабет Юнек улар орасида энг машҳури бўлган.

  • Аслида сўнгги пайтларда гуруҳимда эркакларга қараганда аёллар сони кўп. Сабаби аёлларнинг замонавий автомобиль бошқарувига бўлган қизиқишлари кундан-кунга ортиб бормоқда. Уларнинг ўзлаштириши, давомади ва жавобгарлик ҳисси айрим эркакларникига қараганда бирмунча юқори, таваккалчиликка мойиллиги суст. Шу сабабли ҳам аёлларда йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқариш хавфи камроқ. Фикримча, аёлларнинг автомобиль бошқарувидаги амалий машғулотлари сонини оширсак, уларнинг йўлларда янада хавфсиз ҳаракатланиш даражаси янада юқори бўлади.

  Алишер Солиев, автомактаб назарий фанлар ўқитувчиси

Ўзимизнинг момоларимиз мисолида олсак, иккинчи жаҳон уруши туфайли эркакларнинг асосий қисмидан ажралган минглаб аёллар оғир юк машиналари, комбайнлар ва ҳатто танклар рулига ўтиришга мажбур бўлишган. Зеро ўзбегим аёлларининг ўткир зеҳни, фидойилиги, метин иродаси, тоғдек бардоши таҳсинга сазовор!

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan