Райхон Уласенова: «Тезликни оширганим учун жарима тўлаганимни инкор этмайман…»

Avto Olam > Blog > Рулдаги хонимлар > Райхон Уласенова: «Тезликни оширганим учун жарима тўлаганимни инкор этмайман…»

Райхон Уласенова: «Тезликни оширганим учун жарима тўлаганимни инкор этмайман…»

https://avtoolam.uz/ruldagi_xonimlar/3599/

Суҳбатимиз меҳмони Райҳон Уласенова. Айниқса, шов-шувли «Зирапча» телелойиҳасидан сўнг мухлисларга янада яқин бўлиб қолган қаҳрамонимиз, ҳозирда энг талабгир актрисалардан бирига айланган.

— Хуш келибсиз, Райҳон Ориф­жоновна. Аввало суҳбатимизга вақт ажратганингиз учун катта раҳмат.
Илк саволларимиз сўнгги пайтларда шов-шувга айланган «Зирапча» телелойиҳаси ҳақида бўлади. Ушбу лойиҳанинг ғояси кимга тегишли ва унга қай тариқа жалб этилдингиз?
— Ассалому алайкум, таклиф учун сизларга ҳам раҳмат.
«Зирапча» лойиҳаси Ўзбекистондаги илк реалити шоу. Лойиҳа ғояси «Севимли» телеканалига тегишли. Очиғини айтсам, лойиҳадан так­лиф тушганида, инсонларнинг тақ­дири билан боғлиқ масъулиятли вазифа бўлгани учун озгина иккилангандим. Яқинларим, оила аъзоларим ва ус­тозларимнинг қўллаб-қувватлашлари, дуолари билан лойиҳага киришдим.
— Дастлаб аксарият томошабинлар вояга етган, шахс сифатида шаклланиб бўлган қизлар, аёлларнинг тақдирини, ҳаёт тарзини ўзгартириш мумкинлигига ишонишмаган эди, жумладан ўзим ҳам. Учинчи мавсумга келиб эса инсонлар ҳаёти ва табиатини ўзгартириш мумкинлигига амин бўлишди. Бундай натижаларга эришиш осон кечмагани аниқ…

— Ҳақиқатдан ҳам биринчи мавсумни экранга узатганимизда, томошабинлар иштирокчи қизларни актрисалар бўлса керак, деб ҳам ўйлашган. «Бир неча ойлик қисқа фурсат ичида инсоннинг йиллар давомида шаклланган табиатини ўзгартириш мумкинми?» деган, саволлар пайдо бўлган. Кўриб турганингиздек, бу имконсиз эмас. Бунинг учун инсонларга эътиборли бўлиш кифоя. Уларнинг ички дунёсини кўришга, тушунишга ҳаракат қилинса, албатта яхши томонга ўзгартириш мум­кин. Ҳар бир инсоннинг ичида яхшилик билан бирга ёмонлик ҳам бўлади. Улардан қай бирини кўпроқ озиқлантирсак, ўша жиҳатлар намоён бўлиб бораверади. Шу са­бабли эътиборимизни яхшилик томонга қаратиши­миз зарур. Шуни ҳам таъкид­лаш керакки, атроф-муҳит ҳам инсонларга жуда катта таъсир кўрсатади. Вақти келганда яқин­ларимизни эшита билиш ҳам муҳим.
Айниқса, биз ота-оналар ўз юмушларимиз, ташвишларимиз билан болаларга бўлган эътиборни камайтириб юбораётгандекмиз. Мени наздим­да, уларга сўнгги русумда­ги смартфондан кўра, кўпроқ меҳр ва эътибор кўрсатишимиз зарур.
— Ҳозир маҳаллий телеканаллардаги аксарият кўрсатувлар хорижий эфирлардан «ўзлаштирилган»лигининг гувоҳи бўлаяпмиз…
— Саволингизни тушундим. Худди шундай лойиҳалар АҚШ, Германия, Буюк Британия каби кўплаб чет давлатларда ва ҳатто Россия телеканалида ҳам мавжуд. Демоқчиманки, дунёда бу мавзуга тўхталган ижодкорлар йўқ эмас. Эътибор берсангиз, жамиятимизда аксарият ҳолларда намунали, бирор натижага эришган ёшларни қўллаб-қувватлашади. Лекин атрофимиздаги тушкун ҳолатдаги, тўғри йўлдан адашган инсонларни ҳам четда қолдирмаслик, уларга ҳам эътибор қаратиш керак. Вақти келганда, мана шу инсонлар ҳам юртимиз байроғини кўкларга кўтарадиган, дунё тан берадиган шахс бўлиб етишишлари мумкин.
Майли, кимдир ушбу реалити шоуни «ўзлаштиришда» айбласин, аммо бизнинг олий мақсадимиз лойиҳани ўзлаш­тириб, шуҳрат қозониш ёки телеканал рейтингини кўтариш эмас, ёнимиздаги эътиборга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак беришдан иборат.
— «Зирапча» лойиҳасидан кўнглингиз тўлдими? Лойи­ҳа шу вақтгача неча нафар инсоннинг ҳаётини ижобий томонга ўзгартира олди? Лойиҳанинг ютуғи ва камчиликлари нимада деб ўйлайсиз?
— Тўғри, лойиҳа давомида биз очиб бермоқчи бўлган, аммо маълум сабабларга кўра кадр ортида қолиб кетган ҳолатлар ҳам бўлди. Лекин бир нарсани таъкидламоқчиман. Лойиҳанинг учта мавсумида иштирок этган 40 нафарга яқин иштирокчилардан ташқари, биз томошабинлардан ҳам минглаб мактублар олдик. «Зирапча» уларга ўз хатолари ва камчиликларини кўра олиш имконини берганини, ота-оналари, яқинларининг танбеҳларини нотўғри қабул қилган баъзи инсонлар ўз ҳатти-ҳаракатларини иштирокчиларда кўргач, бундан тўғри хулоса чиқаришганини, ўзгаришга ҳаракат қилишаётганини ёзишаяпти. Демак, кўрсатув кўплаб инсон­лар, уларнинг ота-оналарига «ойна»дек бўлиб, ўз камчиликларини кўриш, тузатиш имконини бераяпти.
Лойиҳадан кўнглим тўлди деёлмайман, чунки ижодкорнинг ўз ижод маҳсулидан ҳеч қачон кўнгли тўлмайди ва бу кейинги қадамларга сабаб бўлади. Шундай экан, биз изланишда ва ишлашда давом этяпмиз.
— Энди журналимиз мазмунидан келиб чиққан ҳолда, Сизга автомобилсозликка оид баъзи саволлар билан муро­жаат қилсак. Аслида автомобиль Сиз учун…
— Автомобиль – менинг иккинчи уйим.
— Илк марта автомобиль рулига ўтирганингиз ва биринчи машинангизни эслай оласизми?
— 2009 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга кирит­ганимдан сўнг турмуш ўрто­ғим менга Нексия русумида­ги автомобилни совға қил­­ган. Аммо бундан жуда хафа бўл­ганман. Боиси, ўқиш даво­мида Матиз автомобилини бош­қаргандим, уни ҳай­даш мен учун қулайроқ бўл­ган. Нексия автомобилига ўрган­гунимча анча қийналганман.
— Автомобилни ўзингиз бош­қаришни ёқтирасизми ёки имкон бўлса, орқа ўриндиқ­да кетишни афзал биласизми?
— Ижодкорларнинг ишини тушунасиз. Доимо қаергадир шошиб юради. Шу сабабли керакли манзилга тезроқ етиб олишим учун ўзим бошқаришни афзал кўраман.

Рустам Расул-Зода суҳбатлашган

— Намунали ҳайдовчимисиз ёки тез-тез жарима хатларини олиб турасизми?
— Йўл қоидаларига доимо амал қиламан, хавфсизлик камарини тақишни ҳам асло канда қилмайман. Лекин 11 йиллик ҳайдовчилик таж­рибам давомида бир марта тезликни оширганим учун жарима тўлаганимни инкор этмайман.
Баъзан қоидабузарлик қилмасам-да, йўл патруль хизмати ходимлари тўхтатишади. «Қоидани буздимми?» десам, «Йўқ, бузмадингиз. Шунчаки, Сизни таниб, саломлашайлик дедик» дейишади. Бу ёқимли, албатта.
— Сиз тез-тез ижодий сафарлар билан чет давлатларда бўласиз. Агар юрти­миз йўллари, ҳайдовчилари ва пиёда­ларини хорижий дав­латларники билан солиш­тир­сак, улар орасидаги ютуқ ва камчиликлар, ўзи­га хосликлар нимада деб биласиз?
— Биласизми, кўпчилик «Йўлларимиз ёмон» деб нолийди. Аммо баъзи давлатлар билан солиштирадиган бўлсак, йўлларимиз анча яхши ва кенг. Чет эл йўлларида ҳам носозликлар, унқир-чўнқирликлар мавжуд. Агар баъзи ҳайдовчиларимизнинг бесабаб сигнал чала­веришини айтмасак, юрт­дошларимиз автомобилни яхши бошқаришади. Аммо пиёдалар қонунбузарлиги борасида бизга етадигани топилмаса керак. Чунки бошқа давлатларда пиёдалар фақат белгиланган йўлакдан юришади, акс ҳолда яхшигина жаримага тортиладилар. Яна уларда ҳайдовчи билан пиёдалар ўртасида ўзаро ҳурмат юқо­ри. Пиёдаларга мўлжалланган йўлак чизиғи бўлса, ҳайдовчи пиёдалар бўлмаса ҳам ўша ерда тўхтаб ўтади.
— Санъатга кириб келишингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Санъатга кириб келишимга ота-онам сабабчи бўлишган. 5 ёшимда илк марта санъатнинг рақс тури билан саҳнага чиққанман, 6 ёшимда эса ижодий сафар билан Туркия ва Омскда бўлган болалар фестивалларида қатнашганман.
— Ҳозирда қандай лойи­ҳалар устида ишлаяпсиз ва орзу­ингизга айланган роль борми?
— Биз ҳозир Туркия билан ҳамкорликда янги тарихий сериал устида ишлаяпмиз. Сериал ҳақида кейинроқ оммавий ахборот воситаларида тўлиқ маълумот берилади.
Орзуимдаги ролга келсак, Тўмарис образи. Ҳозирча бу образ қозоғистонлик қизга насиб этибди. Улар буюк тарихий образ – Тўмарис ҳақида фильм суратга олишибди ва эшитишимча, ундаги менга орзу бўлган – Тўмарис образини қозоғистонлик модель қиз гавдалантирган. Умид қи­ламанки, Ўзбекистонда ҳам мана шу буюк қаҳрамонимиз ҳақида фильм ёки сериал суратга олишади. Агар унда Тўмарис образи менга насиб қилса, бундан жуда хурсанд бўлар эдим.
— Голливуд ёки Болливуддан ҳам таклифлар бўлганми?
— Тўйимиздан бир ҳафтача аввал «Мосфильм»дан қўнғироқ бўлган. Ўшанда «Мосфильм» Голливуд билан ҳамкорликда фильм суратга олаётган эди. Мен юборган видеолавҳалар қабул қилиниб, зудлик билан Москвага боришимни айтишган. Лекин бир ҳафтадан сўнг тўйим бўлишини инобатга олиб, отам ва турмуш ўртоғим рухсат беришмаган. Лекин бундан афсусланмайман, ҳали ҳаммаси олдинда…
— Самимий суҳбат учун катта раҳмат. Юртдошларимиз, журналимиз мухлисларига тилакларингиз бўлса марҳамат.
— Бугунги синовли кунлар, бутун дунё, шу қаторда Она Ватанимиз ҳам тождор вирус пандемияси билан курашаётган бир пайтда, халқимизга сабр, матонат, соғлик-саломатлик тилайман. Бизни бу офатлардан мардонавор ҳимоя қилаётган, ўз касбига умрини бахшида этган фидойи шифокорларимиз, ички ишлар ходимлари ва ҳозирда ушбу офатни енгишга сафарбар қилинган барча касб эгаларига чексиз миннатдорлик билдираман.
Биз буюк юрт, буюк миллат авлодларимиз! Аминманки, синовли кунларни мардонавор енгиб ўтамиз!
Тилагим юртдошларимиз, юртимиз меҳмонлари, бутун дунё аҳли тинч ва омон бўл­син! Мустақиллигимизга, аҳил­лигимизга ҳеч қачон кўз тег­масин! Бир-биримизга оқибатли, меҳрли бўлайлик!
— Биз ҳам танлаган машаққатли йўлингизда Сизга юксак чўққиларни забт этишингизни тилаймиз.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan