«UzAuto Motors» АЖ: 24 йиллик меҳнат эътирофи

Avto Olam > Blog > Ўзавтосаноат > «UzAuto Motors» АЖ: 24 йиллик меҳнат эътирофи

«UzAuto Motors» АЖ: 24 йиллик меҳнат эътирофи

https://avtoolam.uz/uzavtosanoat/3539/

Бугун Ўзбекистон автомобиль саноати ҳақида гап кетганда енгил автомобиллардан тортиб, оғир юк кўтарувчи техникаларгача, махсус ихтисослаштирилган автомобиллардан то автобус­ларгача барчаси бирдек кўз ўнгимизда гавдаланади. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган бу каби транспорт воситаларининг барчаси ўз Ватанига меҳр қўйган ҳар қандай инсоннинг қалбида фахр ва ифтихор туйғусини уйғотади. 1996 йилнинг 19 июлида илк автомобилини ишлаб чиқариши билан Ўзбекистон автомобиль саноатига асос солган Асака автомобиль заводи эса мана 24 йилдирки тиним билмасдан фаолият юритмоқда.

Дастлаб, «O’zDAEWOOAVTO» қўшма корхонаси сифатида иш бошлаган заводда ўтган даврда ишчи ходимларнинг малакасини ошириш, маҳ­сулотлар сифатини янги бос­қичга олиб чиқиш, ишлаб чи­қариш ҳажмини ошириш борасида кўплаб янгиликлар жорий этилди. Айни пайтда «UzAuto Motors» АЖ номини олган завод жамоасининг 24 йиллик меҳнати самарасини нафақат юртимиздаги, балки МДҲ давлатларидаги автомобиллар ҳаракатининг тиғизлигидан ҳам ҳис қи­лиш мумкин. Корхона томонидан «Chevrolet» ва «Ravon» бренд­лари остида – Spark (R2), Nexia (R3), Cobalt (R4), Lacetti (Gentra), Damas, Labo, Malibu, Tracker, Equinox, Trailblazer, Traverse ва Tahoe автомобиль русумлари харидорларга етказиб берилмоқда.
Сўнгги 2 йил давомида «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан харидорларнинг талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда Асака автомобиль заводи ва унинг ҳудудий дилерлари фаолиятини янги босқичга кўтариш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2018 йилда завод­­да ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг ҳар бир русуми таннархи ўртача 10-16 фоизга пасайтирилди, им­порт харажатлари эса 73 мил­лион АҚШ долларгача қис­қарди. Шунингдек, харидорларга қулай харидларни амалга ошириш имконини берувчи мутлақо янги инновацион хизматлар жорий этилди. «Ўзимиз борамиз», «Очиқ осмон остидаги савдо», «Uzavtosavdo» савдо платформаси каби хизматлар автомобиль харидини қулай, шаффоф, ёқимли амалга ошириш имконини берди.
Бундан ташқари, Асака автомобиль заводи ишлаб чиқариш жараёнларига сифатни интеграция қилинганлигини белгилаб берувчи BIQ-III (Built-In Quality) сертификатини қўлга киритди. Бу албатта сўнгги йиллар давомида автозаводда амалга оширилган ва сифат талабларини тўла бажарилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар натижаси бўлди.
Ўтган вақт мобайнида технологик ускуналар тўла модернизация қилинди ва уларнинг таркиби янгиланди, GM компаниясининг ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришга йўналтирилган янги тизим ва инструментлари жорий қилинди, корхона ходимлари GM компаниясининг Жанубий Корея, Хитой, Тайланд, Ҳиндис­тонда жойлашган заводларида ўқиб қайтишди.
2019 йил эса Асака автомобиль заводи фаолиятида экспорт салоҳиятини ошириш йили деб эълон қилинди ва экспорт бозорларини қамраб олишда давом этди. Йил бошидан Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Беларусга автомобиллар экспорти бошланди. Россия Федерацияси ва Украинага автомобилларни экспорт қилиш қайта тикланди. Nexia R3 автомобилларини Қозоғис­тоннинг Костанай шаҳридаги «СариаркаАвтоПром» заводида йирик узелли йиғиш ҳамда R4 моделидаги автомобилларини тайёр ҳолда экспорт қилиш йўлга қўйилди.
Шу пайтгача 5 турдаги енгил автомобиль 5 та алоҳида платформада ишлаб чиқарилаётгани ҳам харажат, ресурс ва вақт сарфини кўпайтириб, маҳсулот нархига ўз таъсирини ўтказиб келаётган эди. Шу боис завод жамоаси ягона платформада бир неча маркадаги автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйи­ча кенг қамровли ишларни бошлаб юборишди.

2019 йилнинг сўнгги кунларида UzAuto Motors компанияси русумлар қаторини янгилаш стратегиясига мувофиқ, янги Trailblazer, Equinox, Traverce ва Tahoe автомобилларини харидорларга тақдим этди. Илғор техник параметр­лар ва ўзгача дизайнга эга бўлган ушбу русумларнинг юртимиз бозорига кириб келиши маҳаллий автомобилсозлик саноатида олдинга таш­ланган яна бир муваффақиятли қадам бўлди. Савдонинг илк кунида мазкур янги русумларни харид қилиш учун 85 та шартнома имзо­ланди.
Автомобиль заводи фаолиятининг биринчи йилида 25 минг 300 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич деярли ўн бараварга ошган ва йилдан йилга ортиб бормоқда. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2018 йилда 220 667 та автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 271 098 донани ташкил этди. 2020 йил охиригача эса 300 000 ортиқ автомобиль ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Бугун юртимизда имконияти чекланган юртдошларимиз сони 600 минг нафарни ташкил этади. Имконияти чекланган инсонларнинг кўпчилиги кундалик ҳаётда дуч келадиган турли муаммолар боис жамият ҳаётида фаол иштирок эта олмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис жорий йилнинг илк кунларидан бошлаб UzAuto Motors компанияси автомашиналарини имконияти чекланган – иккиламчи автомобилни қўлда бошқариш тизимини ишлатувчи ҳайдовчилар учун махсус техника билан жиҳозлай бошлади. Харидорларнинг буюртмасига кўра Cobalt, Gentra ва Spark автомобилларига ўрнатиладиган иккиламчи қўлда бошқариш қурилмаси давлат стандартининг барча талабларига жавоб беради.
2019 йил 1 октябрдан имтиёзлар бекор қилиниши билан юртимиз автомобиль саноати ҳам эркин бозор шароитига ўтди. Бу эса ўз ўрнида корхоналарда замонавий бошқарув механизмларини жорий этишни, маҳсулотларни бозорбоп ва рақобатбардош қилишни талаб этиши турган гап. Шу боис, 10 000 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қила­ётган UzAuto Motors ўз так­лифларини кенгайтиришда ва маҳсулот сифатини оширишда янги босқични бошлади.
Тошкент шаҳрида илк Trade-In Center янги сервис ва савдо маркази ишга туширилди. Марказнинг асосий ўзига хослиги – бу Trade-in тизими бўйича минилган автомобилни янгисига қўшимча пул тўлаш орқали алмаштириш имкониятидир. Бир савдо майдончасида бир неча дилерлар жамлангани эвазига, бу марказ харидорларга юрган автомобилларни сотиш ва сотиб олиш бўйича катта танлов имконини беради.
Бугун юртимизда ишлаб чиқарилаётган ушбу автомобилларни бошқараётган инсонларнинг барчаси завод жамоасининг 24 йиллик самарали меҳнатини эътироф этмоқда. Чунки завод жамоаси мижозларнинг талаб ва истак­ларини алоҳида ўрганишга ҳам эътибор қаратмоқда. Шу боис, жорий йил бошидан «UzAuto Motors» АЖ мижозларга қўшимча опция билан жиҳозланган Spark, Cobalt ҳамда Lacetti автомобилларини так­лиф қилди. Мавжуд қўшимча опциялар қаторига автомобилларни ёритиш тизимлари, қўшимча аудио функциялари ва жаҳон стандартларига оид техник рег­ламент­га жавоб берадиган қўшимча функциялар киритилган.
Айни пайтда мамлакати­миз бўйлаб Асака автомобиль заводининг 100 га яқин дилерлик корхоналари фаолият кўр­сатмоқда. Юртимиздаги коро­навирус пандемияси боис эълон қилинган карантин шароитида эса UzAuto Motors компанияси харидорларга автомобилни уйдан чиқ­­масдан масофадан туриб ха­рид қилишни таклиф қил­моқда. Шунингдек, 29 та дилер­лик марказларида янги транспорт воситаси учун давлат рақамларини олиш учун ҳам имкониятлар яратилган.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон автомобиль сано­атининг тўнғич заводи салкам чорак асрлик фаолияти давомида изчил ривожланиб, ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини топди. Заводнинг кўп сонли меҳнат жамоаси ишлаб чиқариш, маҳсулотларни сон ва сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш борасида етарлича тажриба тўплаш билан бирга, ўз мижозлари учун турли қулайликларни жорий этиш борасида ҳам тинимсиз иш олиб бормоқда.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan