«Volkswagen Caddy» автомобиллари юртимизда ишлаб чиқарилади

Avto Olam > Blog > Ўзавтосаноат > «Volkswagen Caddy» автомобиллари юртимизда ишлаб чиқарилади

«Volkswagen Caddy» автомобиллари юртимизда ишлаб чиқарилади

https://avtoolam.uz/uzavtosanoat/3544/

Юртимизда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ўз ўрнида тадбиркорлик қилиш истагидаги юртдошларимизнинг узоғини яқин қилувчи ҳаммабоп, енгил тижорат автомобилларига бўлган эҳтиёжни ошириши турган гап. Шу боис «Ўзавтосаноат» АЖ бу борада истиқболли йирик лойи­ҳалар устида иш олиб бормоқда.

Жорий йилнинг март ойи бошида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» компанияси ўртасида Жиззах автомобиль заводи базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, ишлаб чиқарилган техникани сотиш тизимини йўлга қўйиш тўғрисидаги келишув имзоланган эди. Келишувга кўра, завод Volkswagen концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир неча русумдаги енгил тижорат автомобилларини тўлиқ саноат цикли бўйича ишлаб чиқаришга ихтисос­лашади.
Айни пайтда Жиззах эркин иқтисодий зонасидаги 45 гектар майдонда жойлашган заводнинг қурилиш ишлари якуний босқичда. Завод ва офиснинг асосий қисми бинолари фойдаланиш учун тайёр ҳолатга келтирилган.

Заводда ишлаб чиқариш жараёнини жадаллаштириш мақсадида Ўзбекис­тонга «Volkswagen Caddy» автомобилларининг бир қисми келтирилиб, улар сертификация бўйича ваколатли органларга иқлим синовлари ва омологация бўйича махсус текширувлардан ўтказиш учун топширилган. Ҳозирда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан сертификациялаш ва транспорт воситаларининг амалдаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш, жумладан сертификацияловчи орган томонидан назорат иқлим текширувлари ва умумий техник регламент талабларига биноан бошқа синовлардан ўтказилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, завод Volkswagen концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бош­қаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритади. Шунингдек, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар «Ўзавтосаноат» АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 000 дона автомобилни ташкил этади. Аҳоли сони 34 миллиондан ортиқ бўлган мамлакатимиз саноат ишлаб чи­қариш, кичик ва ўрта бизнеснинг янада ривожланиши учун йи­­рик салоҳиятга эга. Мамлакатда енгил тижорат автомобилларининг бозори ўсиш учун истиқболли сегмент саналади.

Бир вақтнинг ўзида «Жиззах Авто» МЧЖ томонидан «Фольксваген» дилерлик тар­моғини ривожлантириш мақсадида республика ҳудудларидаги қатор дилерлик корхоналар ҳамкорлик қилиш учун танлаб олинди. «Volkswagen Caddy» русумли автомобиллар савдоси шу йилнинг июль ойидан бошланиши режалаштирилмоқда.
«Жиззах Авто» МЧЖ бош директори Ойбек Аюбовнинг таъкидлашича, ҳар бир дилер корхоналарининг лойиҳалари алоҳида, «Фольксваген» мижозларининг автосалон ҳудуди бўйлаб қулай ҳаракатланишига йўналтирилган компания концепциясига мувофиқ тасдиқланган. Ҳозирда «Фольксваген» стандартларига кўра янги дилерлик марказларини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда, уларнинг барчаси харидорларга сифатли сервис хизматини кўрсатиш учун замонавий жиҳозлар билан таъминланади.
Бундан ташқари, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида «Жиззах Авто» компанияси ва дилерлик корхоналари ходимларини «Фольксваген» бренди глобал стандартларига мувофиқ ўқитиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. 2020 йил май ойида «Фольксваген» компанияси мутахассислари иштирокида маҳсулот савдосини юритиш ва автомобилларга хизмат кўрсатиш бўйича илк ўқув тренинглар ўтказилди.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan