«Uz Hanwoo»: «Мақсад – маҳсулотлар тан нархини тушириш»

Avto Olam > Blog > Ўзавтосаноат > «Uz Hanwoo»: «Мақсад – маҳсулотлар тан нархини тушириш»

«Uz Hanwoo»: «Мақсад – маҳсулотлар тан нархини тушириш»

https://avtoolam.uz/uzavtosanoat/3689/

Ўзбекистон автомобиль саноати мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутиши барчамизга маълум. Зеро, биринчидан соҳада 30 минг­га яқин юртдошларимиз меҳ­нат қилиб ўз оиласини боқмоқда, иккинчидан эса автомобиль саноати мамлакатимиздаги бошқа соҳалар, жумладан, енгил саноат, кимё саноати каби ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориладиган бир қанча тизимдаги корхоналарнинг ҳам тўлиқ фаолият юритишига туртки бўлмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон автомобиль саноати жамоаси бугунги синовли кунларда ҳам карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда самарали меҳнат қилишмоқда. Ушбу мақоламизда ташкил этилганига хали кўп бўлмаган «Uz-Hanwoo» Ўзбекистон Жанубий Корея қўшма корхонаси фаолияти билан таништиришга ҳаракат қиламиз.

2009 йил 29 сентябрда «UZ-HANWOO» ҚК ташкил этилган.

Ҳар қандай автоишлаб чи­қарувчи компания автомобилларидаги қулайликни таъминлайдиган энг асосий хусусиятлардан бири бу — ҳаракат вақтида автомобиль салонининг турли ташқи шовқинлардан ҳоли бўлишидир. Бу жиҳатдан олиб қараганда автомобиллардаги шовқинга қарши қисмларнинг қандай материаллардан тайёрлангани ва уларнинг сифати ҳам автомобилнинг оммабоплигини таъминловчи аҳамиятга эга ҳисобланади. Айни пайтда юртимизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг шовқинга қарши бутловчи қисмларини Андижон вилоятидаги «UZ-HANWOO» Ўзбекистон Жанубий Корея қўшма корхонаси етказиб беради.

2009 йилда «Ўзавтосаноат» АЖ ва Жанубий Кореянинг «HANWOO GLOBAL Co. Ltd.» компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур корхона ўз фаолиятининг дастлабки йилларида фақатгина Асака автомобиль заводида ишлаб чиқариладиган Нексия, Дамас, Матиз автомобиллари учун 60 дан ортиқ турдаги шовқиндан ҳимоя қилувчи қисмларни ишлаб чиқариш билан чегараланган бўлса, 2012 йилда қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини ўрнатиш ҳисобига Кобальт, Спарк автомобилларига ҳам шовқиндан ҳимоя қилувчи қисмларни етказиб бериш йўлга қўйилди.
2013-2014 йилларда бу ер­да замонавий синов лабораториясининг ишга туширилиши корхона фаолиятида туб бурилиш ясади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун ISO 9001 ва ISO/TS 16949 халқаро стандартларига мувофиқ сифат менежменти тизимлари жорий этилди. Корхона Германиянинг Formel-D мустақил аудиторлик компанияси томонидан VDA 6.3 стандарти бўйича, жараён аудитидан муваффақиятли ўтди. Шундан сўнг корхона маҳсулотларига нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорларда ҳам харидорлар кўпайди.
Ички бозорда Асака автомобиль заводидаги GENTRA LACETTI ҳамда Т-250 (Нексия-3) русумлари учун автомобилнинг шовқинтўсгич қисмларини ишлаб чиқариш бошланди. Ташқи бозорда эса Россия Федерациясининг «УРАЛ», «ГАЗ» юк машиналари учун капот термошумоизоляцияси қисмларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Харидорларнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда корхонада ЭВА полимери асосида товуш ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқариш йўлга қў­йилди.

2017 йилдан эса корхонада нафақат автомобилсозлик соҳаси учун балки халқ хўжалигининг бошқа соҳалари учун ҳам зарур бўлган халқ истеъмоли буюмларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Айни пайтда 175 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган «UZ-HANWOO» МЧЖ қўшма корхонаси бутун дун­ёда йилдан йилга эҳтиёж ошиб бораётган ковролин (ги­лам қопламаси) ҳамда сунъий тери ва полиуретандан тай­ёрланган замонавий 3D па­­неллар каби гидроэнерге­тика билан жиҳозланган ма­­териалларни ҳам ишлаб чи­қаришни ўзлаштирган. Ков­ролин маҳсулотлари харидорларнинг истакларидан келиб чиққан ҳолда икки хил кўринишда: эни 1 метр, узунлиги 15 метр бўлган рулонларда ва 50×50 см ўлчамли квадрат шаклларда ишлаб чиқарилмоқда.
Шу йилнинг ўзида юртимиздаги оғир юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи «JV MAN Auto — Uzbekistan» қўшма корхонасига ҳам шов­қинтўсгич қисмларини етказиб бериш бўйича ишлар бош­ланди. Айни пайтда корхонада юк автомобиллари учун 100дан ортиқ турдаги шов­қиндан ҳимоя қилувчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқ­да. Ишлаб чиқаришда маҳсулот сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу боис, корхонанинг технологик жиҳатдан замонавий ускуналар билан жиҳозланган синов лабораториясида маҳсулотларнинг ёнғинга, иссиқ ва совуқ ҳароратларга чидамлилиги, қабул қилинган физик ва механик параметрларга қанчалик жавоб бериши синовдан ўтказилади. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўп босқичли синов жараёнларидан ўтказилгандан кейингина ички ва ташқи бозорларга ҳамда буюртмачиларга етказиб берилади.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2018 йилда корхонада 1,573 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилиб, соф фойда 2,24 миллиардни ташкил этган бўлса, ўтган 2019 йилда 1,997 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилиб, соф фойда 3,3 миллиард сўмни ташкил этган. Жорий йилда эса соф фойдани икки бараварга кўпайтириш режаси қўйилган.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган автомобиль бутловчи қисмлари ва халқ истеъмоли буюмлари юртимиздаги истеъмолчилар билан бир­га Россия Федерацияси, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларига ҳам экспорт қилинмоқда. 2019 йилда 38,0 минг доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган бўлиб шундан 15,0 минг доллари халқ истеъмоли моллари ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилда корхона жамоаси 84,0 минг долларлик маҳсулот экспорт қилишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган.
Бугунги кунда корхонада технологик жараёнлар ва хомашё ҳаражатларини оптималлаштириш, муқобил ет­казиб берувчиларни қайта саралаб олиш ҳисобига маҳсулотлар таннархини яна­да тушириш бўйича кенг қам­ровли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада корхонада йил охиригача 6089,3 миллион сўм тежаш имконияти пайдо бўлади. Шунинг­дек, 10 дан ортиқ турдаги зарурий қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш орқали маҳаллийлаштириш даражасини 55%га етказиш кўзда тутилган.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan