«Uz-Dongwon Co» ҚК: «Бутловчи қисмлардан халқ истеъмоли молларигача»

Avto Olam > Blog > Ўзавтосаноат > «Uz-Dongwon Co» ҚК: «Бутловчи қисмлардан халқ истеъмоли молларигача»

«Uz-Dongwon Co» ҚК: «Бутловчи қисмлардан халқ истеъмоли молларигача»

https://avtoolam.uz/uzavtosanoat/3778/

Юртимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун зарур бўлган бутловчи қисмларнинг аксарияти «Ўзавтосаноат» АЖ тизими­да фаолият кўрсатаётган кор­хоналар томонидан етказиб берилмоқда. Ўзбекис­тон автомобиль саноатига тамал тоши қўйилган дастлабки йиллардаёқ енгил автомобиллар учун бутловчи қисмларни ўзимизда ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган ва «UzDong-Ju», «Uz-DongWon Co», «Uz-Tong Xon», «Uz-Saemyung Co» каби ўнга яқин қўшма корхоналар ҳам ташкил этилган эди. Мана салкам чорак асрдирки ушбу корхоналар ишчилари ҳам Асака автомобиль заводига бутловчи қисмлар етказиб бериш йўлида тиним билмай меҳнат қилиб келишмоқ­да. Асака шаҳридаги «UzAuto Motors» АЖга яқин масофада жойлашган «Uz-DongWon Co» қўшма корхонаси бугун нафақат юртимиз ва дунё автомобиль саноатига зарур бўлган бутловчи қисмлар­ни балки халқ хўжалигининг турли соҳаларида фойдала­ниладиган бош­қа кўплаб маҳсулотларни ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Дастлаб корхона Асака автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун овозсўндиргич (глушитель)лар, эшиклар учун зарбага қарши балкалар каби 11 турдаги маҳсулотни етказиб бериш билан ўз фаолиятини бошлаган эди. Корхона раҳбарининг уддабуронлиги ва аҳил жамоанинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли тез орада Асака автомобиль заводига етказиб бериладиган маҳсулотлар тури 11 тадан 52 тагача кўпайди. Бугунги кунда эса корхонада 96 турдаги маҳсулотлар ўрнатилган талаблар даражасида ишлаб чиқарилмоқда.

Хуршидбек Анорбоев, иш­лаб чиқаришни координация қилиш бўлими технологи: Корхонамизнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 230 минг дона бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Айни пайтда эса бу кўрсаткични 250 минг донага етказишга ҳаракат қилаяпмиз. Корхонамизда автомобиллар учун овоз сўндиргичлар ва зарбага қарши турувчи тўсиқлар билан биргаликда панел қисмлари ҳамда автомобиль осма кронш­тейнлари ишлаб чиқарилади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, 31 турдаги овоз сўндиргичлар, 14 турдаги зарбага қарши турувчи тўсиқлар, ҳамда 7 турдаги панел қисмлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларимизни автомобиль заводларидан ташқари ички ва ташқи бозорларга ҳам етказиб берамиз.
Юртимиздаги йирик автомобилсозлик корхоналари учун сифатли бутловчи қисмларни етказиб беришда «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги 85 дан ортиқ йирик ва ўрта ишлаб чиқариш корхоналари билан бирга 100 дан ортиқ маҳаллий корхоналар ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Бу ўз навбатида бутловчи қисмларнинг сифат жиҳатидан юқори даражага кўтирилишига ҳисса қўшувчи рақобат муҳитини келтириб чиқариши турган гап. Рақобат бор жойда эса албатта ривожланиш бўлади. Фикримизни давом эттириш учун Асакадан чиқиб узоққа боришни лозим топмадик. Чунки шу туманнинг ўзида жойлашган «Асака –автокомпонент» АЖ ҳам айнан «Uz-DongWon Co» каби «UzAuto Motors» АЖ автомобиллари учун овозсўндиргич (глушитель)лар ва зарбага қарши тўсиқларни ишлаб чиқаради. Асака автомобиль заводи эса сифатлисини танлаб олади.

«Uz-DongWon Co» корхонаси раҳбарияти халқ хўжалигининг бошқа соҳалари учун ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бу орқали янги иш ўринлари яратиш, ишчи-ходимларнинг соғлиғига доимий эътибор қаратиш борасида ҳам бошқаларга ўрнак бўладиган ишларни амалга оширмоқда. Жумладан корхонада меҳнат қилаётган 500 нафардан ортиқ ишчи ходимларининг саломатлигини тиклаш ва уларнинг сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида «Сан Милк Инвест» МЧЖ ташкил этилди. Дамас автомобилларини ишлаб чиқариш «Хоразм авто»га кўчирилгани боис айнан ушбу автомобиллар учун бутловчи қисмларни Хоразм вилоятининг ўзида ишлаб чиқариш мақсадида «Хоразм Барака Авто» МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Юртдошларимизнинг кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган мебел ва шкафлар, турли спорт инвентарлари ишлаб чиқариш орқали янги иш ўринларини яратиш учун «Дафна-Анд» МЧЖ ҳамда юмшоқ турдаги ПВХ хом-ашёси ва махсус қўлқоплар ишлаб чиқарувчи «Водий Универсал Глобал» МЧЖлари ҳам ташкил этилди. Айни пайтда бу жамиятлар ҳам самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Азизбек Холматов «Uz-DongWon Co» корхонаси мар­кетинг агенти: Ўтган йилда биз Россия Федерациясининг «Группа Газ» компаниясига Газель автомобиллари учун мўлжалланган 21 турдаги маҳсулотимизни экспорт қилдик. Маҳсулотларимиз уларнинг барча талабларига тўлиқ жавоб бергани боис, улар биз билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида. Олиб борилаётган музокаралар натижасига кўра уларга экспорт қиладиган маҳсулотларимиз тури яна 10 тага ошади. Бундан ташқари экспорт географиясини янада кенгайтириш бўйича МДҲ давлатларидаги автомобиль заводлари билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Қўшимча буюртмалар олаяпмиз.

Самарали фаолияти туфайли «Ўз-ДонгВон Ко» 2015 йили «Юртимиздаги энг яхши солиқ тўловчи корхона» ва «2015 йилнинг энг яхши маҳсулот етказиб берувчиси» каби номларга сазовор бўлган. Айни пайтда «Ўзавтосаноат» АЖ ва «UzAuto Motors» АЖ томонидан қурилаётган «Asaka City» мажмуасидаги кўча ва ҳиёбонлар, болалар боғчалари ва мактабларни жиҳозлаш ишларида ҳам «Uz-DongWon Co» қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган сифатли ўриндиқлар, ёриткичлар, болалар кроватлари ва спорт инвентарларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Корхона жамоаси 2020-2023 йиллар учун мўлжалланган Йўл харитасида амалга оширилиш белгиланган ло­йиҳалар устида ҳам самарали иш олиб бормоқда. Жумладан, 2020 йилнинг 3 чорагида тиббий кроватлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган. Қиймати 500 минг долларга баҳоланган мазкур лойиҳа ишга туширилгач, йилига 10 минг дона, яъни, 3 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Натижада қўшимча 10 та иш ўрни яратилади. Экспорт салоҳияти ҳозирча 3 миллион долларгача баҳоланаётган мазкур лойиҳа 2 йилда ўзини оқлаши кутилмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг тўртинчи чорагида эса спорт инвентарлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Режалаштирилган лойиҳа қуввати йилига 4 минг жамлам, яъни, 68 тонна маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил қилади. Шунингдек енгил автомобиллар учун эшик ромлари ва шу кунгача импорт қилинаётган баъзи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратиш ҳам кўзда тутилган.

Posted By

Admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan